Yer kodeksi

24⁴-modda. Ер участкасини ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш

(24⁴-модда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 23 октябрдаги ЎРҚ-871-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.10.2023 й., 03/23/871/0797-сон)

Агар қонунда ёки шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ижарага олувчи шартнома муддати тугаганидан кейин янги муддатга ер участкасини ижарага олиш шартномасини узайтиришда шароитлар тенг бўлган ҳолларда, бошқа шахсларга нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Ижарага олувчи ижарага берувчини ер участкасини ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатда, агар шартномада бундай муддат кўрсатилмаган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар уч ой ичида бундай шартномани узайтириш истаги ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Ижарага берувчи ижарага олувчининг ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш тўғрисидаги мурожаати келиб тушган пайтдан эътиборан бир ой ичида ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтиришга асослантирилган рад жавобини бермаса ва бу ҳақда ижарага олувчини хабардор қилмаса, ер участкасини ижарага олиш шартномаси аввалги шартлар асосида янги муддатга узайтирилган ҳисобланади. Агар ижарага берувчи ижарага олувчига ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтиришни асоссиз рад этган ҳолда ер участкасини ижара муддати якунланганидан кейин бир йил ичида бошқа шахсга ижарага берса, ижарага олувчи шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўзига ўтказилишини ҳамда шартномани янги муддатга узайтириш рад этилиши муносабати билан ўзига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ёки фақат зарарнинг ўзи қопланишини суд орқали талаб қилишга ҳақли. Агар ижарага олувчи ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам ер участкасидан фойдаланишни давом эттирса, шартноманинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ижарага берувчи томонидан эътирозлар бўлмаса, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, шартнома ўша шартлар асосида худди ўша муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда ер участкасининг дастлабки ва янги муддатга узайтирилган биргаликдаги умумий ижара муддати ушбу Кодекснинг 24-моддасида белгиланган энг кўп (охирги) муддатдан ошиб кетмаслиги керак.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.