Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ижарага олиш шартномаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси муддати доирасида бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин, бундан ушбу Кодекс 24-моддасининг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Бунда:
ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил ўзи фойдаланган бўлиши шарт, мазкур муддат ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ҳисобланади;
юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорларига кўра тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан беш йилдан кейин йўл қўйилади;
ижарага олувчи очиқ электрон танлов натижаларига кўра ижара муддати бўйича тенг тақсимланадиган қўшимча тўловларни ёки электрон онлайн-аукцион натижаларига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган тўловларни бир йўла тўлаши шарт.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда, ижарага олиш шартномаси бўйича ўзига ижарага берилган икки ёки ундан ортиқ ер участкаларидан бири ёки бир нечтаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин. Бунда қайта ижарага бериладиган ва ижарага олувчининг ўзида қоладиган ер участкалари майдони ушбу Кодекснинг 46¹-моддасида белгиланган ўлчамлардан кам бўлмаслиги, ер тузиш лойиҳасига мувофиқ контурлар яхлитлиги сақлаб қолиниши керак.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлар ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг қайта ижарага бериш натижасида вужудга келган ижара ҳуқуқи рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ер участкасининг ижарага олувчиси ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборот (ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат илова қилинган ҳолда) тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига электрон тарзда юборилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ижарага олинган ер участкасига нисбатан ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ижарага олувчи томонидан бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш) тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
lex.uz’dagi asl matnYer kodeksi
24⁵-modda. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлар ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш)
(24⁵-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 6 мартдаги ЎРҚ-1120-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2026 й., 03/26/1120/0215-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.