Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган мактабгача, умумий ўрта таълим ташкилотлари давлат таълим стандартларига, давлат таълим талабларига ҳамда ўқув дастурларига мувофиқлик жиҳатидан аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ва олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари, битирувчиларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатларни берувчи, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари давлат таълим стандартларига, давлат таълим талабларига, шунингдек таълим дастурларига мувофиқлик жиҳатидан комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Аттестация ва комплекс давлат аккредитацияси икки босқичда — таълим ташкилотлари фаолиятини ички баҳолаш ва ташқи баҳолаш босқичларида ўтказилади.
Ички баҳолаш таълим ташкилотининг ўзини ўзи баҳолашидир.
Ташқи баҳолаш ички баҳолаш ўтказилганидан кейин таълим соҳасидаги тегишли ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ёки республикада тан олинган халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган баҳолашдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ташкил этилган, шунингдек вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан ташкил этилган таълим ташкилотлари ташкил этилган кундан эътиборан белгиланган муддатга аккредитация қилинган ҳисобланади.
Мактабгача, умумий ўрта таълимни амалга оширувчи нодавлат таълим ташкилотлари тегишли лицензия олинган кундан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган муддат давомида аккредитациядан ўтган деб ҳисобланади, бу муддат тугагач, ушбу Қонунда белгиланган тартибда аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Таълим ташкилотларини давлат аккредитациясидан, шунингдек комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш мақсадида таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳузурида доимий фаолият кўрсатувчи давлат аккредитация комиссиялари тузилади.
Таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари республикада тан олинадиган халқаро аккредитация ташкилотларига қўйиладиган талабларни белгилайди ва уларнинг реестрларини юритади.
Давлат аккредитацияси таълим ташкилотининг аттестацияси асосида, комплекс ва махсус давлат аккредитациялари эса ташқи баҳолаш асосида амалга оширилади. Доимий фаолият кўрсатувчи давлат аккредитация комиссияси таълим ташкилотининг мақомини ва унинг фаолияти давлат таълим стандартларига, давлат таълим талабларига ва ўқув дастурларига мувофиқлигини аниқлайди.
Таълим ташкилотининг давлат аккредитацияси, шунингдек комплекс ва махсус давлат аккредитацияси тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, унга давлат аккредитацияси, шунингдек комплекс ва махсус аккредитацияларнинг амал қилиш муддати кўрсатилган ҳолда белгиланган намунадаги сертификат берилади.
Таълим ташкилоти қайта ташкил этилган ёки тугатилган ҳолларда давлат аккредитацияси, шунингдек комплекс ва махсус давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиши таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органининг қарори билан тугатилади.
Таълим тўғрисидаги қонунчилик талаблари ёки сертификатда кўрсатилган шартлар бузилганлиги аниқланган ва аниқланган қоидабузарликлар таълим ташкилоти томонидан бартараф этилмаган ҳолларда таълим соҳасидаги тегишли ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи томонидан давлат аккредитацияси, комплекс ва махсус давлат аккредитация тўғрисидаги сертификатнинг амал қилишини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилади.
Давлат аккредитациясидан, шунингдек комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтган таълим ташкилотлари Таълим ташкилотларининг реестрларига киритилади ва бу ҳақдаги маълумотлар таълим соҳасидаги тегишли ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
lex.uz’dagi asl matn«Таълим тўғрисида»ги қонун
58-modda. Таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан, шунингдек комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш
(58-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.