Таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш барча талабгорлар учун таълим олишга доир тенг имкониятларнинг таъминланиши принципи асосида амалга оширилади, шахсларнинг айрим тоифалари бундан мустасно, уларга қонунчиликка мувофиқ имтиёзлар берилиши мумкин.
Таълим ташкилотлари талабгорларни ва (ёки) уларнинг ота-онасини ёки бошқа қонуний вакилларини устав, лицензия ёки хабарнома қабул қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқнома (нодавлат таълим ташкилотлари учун), давлат аккредитацияси тўғрисидаги сертификат (бундан қўшимча нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотлари мустасно), ўқув дастури ҳамда таълим фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар, ўқувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари билан таништириши шарт.
Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар ўқишга ўз ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилигига ва тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг хулосасига биноан қабул қилинади.
Айрим таълим ташкилотларига (олий таълим ташкилотларига, академик лицейларга, Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ва бошқаларга) ўқишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Таълим ташкилотларига танлов асосида ўқишга қабул қилиш чоғида танлов иштирокчиларига танловни ўтказиш тартиби тўғрисидаги ахборот тақдим этилади.
Давлат олий таълим ва профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш давлат гранти ва (ёки) тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.
Давлат таълим муассасалари ва ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Нодавлат таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишга оид амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган қоидаларни инобатга олган ҳолда, ушбу таълим ташкилотлари томонидан белгиланади.
Чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим муассасаларига қабул қилиш тўлов-шартнома асосида (бундан давлат гранти ажратилган ҳоллар мустасно) амалга оширилади.
Олий таълим ташкилотларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш чоғида имтиёзли контингент учун қўшимча қабул параметрлари белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn«Таълим тўғрисида»ги қонун
38-modda. Таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш
(38-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 октябрдаги ЎРҚ-1091-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.10.2025 й., 03/25/1091/0969-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.