«Қурол тўғрисида»ги қонун

28-modda. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш

(28-модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1133-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 03/26/1133/0379-сон)

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш ички ишлар органлари томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади: қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи қоидалари жисмоний ва юридик шахслар томонидан бузилганда; қуролнинг мулкдори бўлган фуқаро вафот этганда мол-мулкни мерос қилиб олиш масаласи ҳал бўлгунига қадар, шунингдек қонуний асосларда жанговар ёки хизмат қуролига эга бўлган фуқаро вафот этганда; қуролнинг мулкдори бўлган фуқаро бедарак йўқолган деб топилганда, шунингдек мол-мулкни мерос қилиб олиш тўғрисидаги масала ҳал бўлгунига қадар фуқаро вафот этган деб эълон қилинганда; лицензиат ёки қурол муомаласига доир рухсатнома эгаси бўлган юридик шахс тугатилганда; фуқаровий ва хизмат қуроли муомаласи соҳасидаги рухсатномалар тўхтатиб туриш учун асос бўлган масала ҳал этилгунга қадар тўхтатиб турилганда; фуқаровий ва хизмат қуроли муомаласи соҳасидаги лицензиялар ҳамда рухсатномалар тугатилганда, бекор қилинганда; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахснинг фуқаровий қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқи ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чекланганда; ушбу Қонун 13-моддаси ўнинчи қисмининг бешинчи, олтинчи, еттинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи хатбошиларида назарда тутилган қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келганда; аниқ ҳолатларга боғлиқ равишда фавқулодда ҳолат жорий этилганда. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш қуйидагилар томонидан ҳам амалга оширилади: табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилган ҳолларда, ов, балиқ овлаш, табиатни ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида, кейинчалик қурол ва унинг ўқ-дорилари ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдаги ички ишлар органларига топширилган ҳолда; божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилган ҳолларда, божхона органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида, кейинчалик қурол ва унинг ўқ-дорилари ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдаги ички ишлар органларига топширилган ҳолда; бошқа органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида. Олиб қўйилган, шунингдек мусодара қилинган қурол ва унинг ўқ-дорилари ички ишлар органларига топширилиши лозим. Бунда олиб қўйилган, жиноят ишлари бўйича ашёвий далил деб топилган қурол ва унинг ўқ-дорилари жиноят-процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда топширилади. Олиб қўйилган, техник жиҳатдан фойдаланишга яроқли бўлган қурол ва унинг ўқ-дорилари қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахслар орқали реализация қилиниши бунда сотувдан тушган сумма қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг собиқ эгасига олиб қўйилган буюмни реализация қилишга доир харажатлар чегириб ташланган ҳолда берилиши лозим. Олиб қўйилган, техник жиҳатдан фойдаланиш учун яроқсиз бўлган, шунингдек ясама, қайтадан ясалган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари ички ишлар органлари томонидан йўқ қилиб ташланади ёки махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар коллекциясига топширилади. Техник жиҳатдан носоз ёхуд яроқлилик, сақлаш ёки фойдаланиш муддати ўтган олиб қўйилган газли қурол ички ишлар органларига йўқ қилиб ташлаш учун текин топширилади. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш ҳақида баённома (далолатнома) тузилиб, унда олиб қўйилаётган қуролнинг тури, хили, модели, калибри, серияси ва рақами, шунингдек ўқ-дориларнинг тури ҳамда миқдори кўрсатилади ёхуд бу ҳақда тегишли ёзув ёзиб қўйилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.