«Қурол тўғрисида»ги қонун

23-modda. Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш

(23-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 31 майдаги ЎРҚ-772-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.06.2022 й., 03/22/772/0460-сон — 2022 йил 2 сентябрдан кучга киради)

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш муайян турдаги, хилдаги ва моделдаги қуролни олиб юриш, сақлаш ҳамда олиб юриш учун ички ишлар органлари томонидан берилган рухсатномалар асосида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади: махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ходимлари томонидан — хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида; Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан — ов қилинадиган, спорт тадбирлари ёки отиш машқлари ўтказиладиган жойларда, ўқув мақсадида, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ўзларига тегишли фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ов ёки спорт тадбирлари ўтказиладиган жойларда олиб юриши мумкин. Узун стволли ўқотар қуролни олиб юриш ғилофидан олинган ҳолатда, ҳимоялагичга қўйилган ўқланган ўқдон (барабан) билан, калта стволли ўқотар қуролни олиб юриш эса худди шундай ҳолатда ғилофда амалга оширилади. Патронни ўқдонга юборишга фақат қуролни қўллаш зарурати бўлганда ёхуд зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини, шунингдек юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш учун рухсат этилади. Яроқлилик, сақлаш ёки фойдаланиш муддати ўтган техник жиҳатдан носоз фуқаровий ва хизмат қуролидан ҳамда унинг ўқ-дориларидан, шу жумладан газли қуролдан фойдаланиш тақиқланади, бундан тадқиқот ишларини ва синовларни ўтказиш ёхуд қуролнинг ҳамда унинг ўқ-дориларининг техник ҳолатини текшириш ҳоллари мустасно. Жисмоний шахслар ов вақтида ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиб юрганда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномасини, ов қилиш ҳуқуқига доир ҳужжатларни, қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномани ёнида олиб юриши шарт. Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар улардан хавфсиз фойдаланишга доир белгиланган қоидаларни бажариши шарт.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.