«Қурол тўғрисида»ги қонун

13-modda. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш

(13-моддаси ўнинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.06.2026 й., 03/26/1151/0589-сон)

Ўзбекистон Республикасининг йигирма беш ёшга тўлган фуқаролари фуқаровий ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиш ҳуқуқига эга. Ов қуроли ва унинг ўқ-дорилари Ўзбекистон Республикасининг ов қилиш ҳуқуқи берилган фуқаролари томонидан олиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси фуқароси олган, унинг эгалигида турган сойли стволли ўқотар ов қуролининг умумий сони учтадан, пневматик ов қуролининг умумий сони учтадан, силлиқ стволли ўқотар қуролнинг умумий сони бештадан ошмаслиги керак, бундан мазкур қурол турлари коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш объектлари бўлган ҳоллар мустасно. Биттадан ортиқ ҳар бир сойли стволли ўқотар ов қуролига, пневматик ов қуролига ва силлиқ стволли ўқотар ов қуролига эгалик қилганлик учун ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади, бундан мазкур қурол турлари коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш объектлари бўлган ҳоллар мустасно. Ўзбекистон Республикасининг ов қилиш ҳуқуқи берилган фуқаролари овчиликка боғлиқ касбий фаолият билан шуғулланаётган ёки камида ўн йил давомида мулкида автоматик бўлмаган (бир зарядловчи) силлиқ стволли ўқотар ов қуролига эга бўлган бўлса ҳамда уларда ов қилиш қоидаларини ёки қурол муомаласини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар мавжуд бўлмаса, сойли стволли ўқотар ов қуролини, шу жумладан аралаш ўқотар қуролни ёхуд ярим автомат силлиқ стволли ўқотар ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини, ўқдон (барабан) сиғими тўрт дона патрондан ортиқ бўлган силлиқ стволли ўқотар ов қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват олтмиш беш жоулдан юқори ва калибри тўққиз миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш ҳуқуқига эгадир. Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатномани олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси доимий яшаш жойи бўйича ички ишлар органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт: аризани; қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқиш бўйича махсус қисқа муддатли курсларда ўқитилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани; овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномасини (ов қуролини олиш учун); овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномасини (сойли стволли ўқотар ов қуролини, ярим автомат силлиқ стволли ўқотар ов қуролини ёки ўқдон (барабан) сиғими тўрт дона патрондан ортиқ бўлган силлиқ стволли ўқотар ов қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват олтмиш беш жоулдан юқори ва калибри тўққиз миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун); отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномасини (спорт қуролини олиш учун). Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза ички ишлар органлари томонидан ариза барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси фуқароси доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, янги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида тегишли ички ишлар органига ўзига тегишли фуқаровий қуролни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши шарт. Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқароларига фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома берилмайди: ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган ёшга тўлмаганларга; муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганларга; ушбу модданинг еттинчи қисмида санаб ўтилган ҳужжатларни тақдим этмаганларга ёки тақдим этилган ҳужжатларида нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда; Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97, 103, 103¹, 104, 105, 110, 112, 118, 119-моддаларида, 126¹-моддасининг тўртинчи — саккизинчи қисмларида, 130¹, 135, 137, 138, 142-моддаларида, 145-моддасининг учинчи қисмида, 150, 151, 152, 153, 154, 154¹, 155, 155¹, 155², 155³, 156, 157, 158, 159, 160, 161, 164, 165, 166-моддаларида, 169-моддаси иккинчи қисмининг «в» ва «г» бандларида, учинчи қисмининг «а» ва «г» бандларида, тўртинчи қисмининг «б» ва «в» бандларида, 171-моддаси учинчи қисмининг «б» ва «в» бандларида, 173-моддаси иккинчи қисмининг «а», «б» бандларида ва учинчи қисмида, 202-моддаси учинчи қисмининг «а», «г», «д» ва «ж» бандларида, 204-моддасининг иккинчи қисмида, 216, 216¹, 216², 217, 218, 219, 220, 221, 222-моддаларида, 223-моддаси иккинчи қисмининг «а», «б» ва «в» бандларида, 226, 229², 235, 242, 244, 244¹, 244², 244³, 245, 246, 247, 248, 249, 252, 254, 255¹, 264-моддаларида, 267-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 270-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 271, 273, 274, 276, 276⁴, 276⁵, 276⁶, 276⁷-моддаларида, 277-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 278-моддасининг иккинчи қисмида, 279-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 280-моддасининг иккинчи қисмида, 281-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 282-моддасида, 283-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида, 285, 286-моддаларида назарда тутилган қасддан жиноят содир этганлик учун судланганларга судланганлик ҳолати тугалланганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ёхуд амнистия акти қўлланилганлигидан кейин ўн йил давомида; қасддан жиноятлар содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаганларга ёки судланганлиги олиб ташланмаганларга, бундан ушбу қисмнинг бешинчи хатбошисида кўрсатилганлар мустасно; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фуқароларга нисбатан экстремистик фаолиятнинг, шунингдек шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий таҳдид солувчи фаолиятнинг белгилари мавжуд бўлган ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда; жиноий жазони ўтаётганларга; доимий яшаш жойига ёки қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланишини таъминлайдиган сақлаш шароитларига эга бўлмаганларга; ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилганларга; Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185, 220, 220¹ ва 221-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилганларга; жамоат тартибига, бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик ёки ов қоидаларини бузганлик, шунингдек баданга енгил шикаст етказганлик ва гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаганлик, олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун бир йил давомида такроран маъмурий жавобгарликка тортилганларга; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этганларга, болаларга нисбатан зўравонлик содир этганларга — ҳимоя ордерида қурол олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқни тақиқлаш назарда тутилган ҳолларда (ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида); ушбу Қонуннинг 2-иловасида кўрсатилган фуқаровий қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд бўлганда; руҳий ҳолатнинг бузилишлари ва (ёки) наркологик касалликлар сабабли диспансер ҳисобида турган яқин қариндошлари ва бошқа шахслар ушбу фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича биргаликда яшаётганда. Қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича махсус қисқа муддатли курсларда ўқитиш тартиби ва махсус курсларда ўқитилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг доимий яшаш жойи бўйича биргаликда яшовчи яқин қариндошларида ва бошқа шахсларда ушбу модда ўнинчи қисмининг учинчи, бешинчи ва еттинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳам берилмайди. Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома бериш рад этилган тақдирда, ички ишлар органлари бу ҳақда аризачини рад этиш сабабларини, қонунчиликнинг аниқ нормаларини ва аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда, қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно) биринчи марта олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овчилар жамоат бирлашмасида (ов қуроли учун) ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларда (спорт қуроли учун) қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини билиши юзасидан текширувдан ўтиши шарт, ушбу бирлашма ва юридик шахслар қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини билиш юзасидан тегишли текширувдан ўтказилганлик тўғрисидаги ҳужжатларни беради.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.