Суғурта товони етказилган зарар миқдорида, лекин суғурта суммасидан ошмаган миқдорда суғурталовчи томонидан бевосита жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) тўланади.
Агар суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) жабрланувчига етказилган зарарнинг ўрнини суғурталовчининг ёзма розилиги билан ўз ҳисобидан қопласа, суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартибида ўзи амалга оширган тўловларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганидан кейин суғурталовчи суғурта қилдирувчига суғурта тўловини тўлайди.
Агар суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) транспорт воситасидан фойдаланиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурталовчининг ёзма розилигисиз ҳар қандай усулда қопласа ёки қоплашни ваъда қилса, суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахснинг) бу ҳаракатлари суғурталовчи учун мажбуриятларни келтириб чиқармайди.
Жабрланувчи (унинг меросхўри) ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига бошқа манбалардан олган тўловлар суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбуриятини камайтирмайди.
Суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) суғурта ҳодисаси содир бўлганда зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш чораларини кўрганлиги ёхуд жабрланувчига кечиктириб бўлмайдиган ёрдам кўрсатганлиги суғурталовчи ушбу Қонунда ўзи учун белгиланган мажбуриятларни бажаришни рад этишига асос бўлолмайди.
Агар мажбурий суғурта объекти бир вақтнинг ўзида ихтиёрий суғурта бўйича ҳам суғурталанган бўлса, ихтиёрий суғурта бўйича суғурта товони мажбурий суғурта бўйича суғурта товонини тўлаш шартларидан қатъи назар тўланади.
Агар суғурта ҳодисаси содир бўлиши натижасида жабрланувчи ҳалок бўлган ёки унинг соғлиғига зарар етказилган бўлса, суғурта товони ушбу Қонуннинг 22-моддаси талаблари инобатга олинмаган ҳолда, шундай ҳодиса учун тўловни назарда тутувчи барча турдаги суғурта шартномаларига мувофиқ тўланади.
Агар битта суғурта ҳодисаси натижасида икки ёки ундан ортиқ суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахсларнинг) фуқаролик жавобгарлиги юзага келган бўлса, суғурталовчилар жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) ҳар бир суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахснинг) айби даражасига мувофиқ суғурта товонини тўлайди.
Агар суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта товони тўловлари бир нечта жабрланувчига (уларнинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига) тўланиши керак бўлса ва уларнинг суғурталовчига билдирилган талаблари суммаси суғурта суммаси миқдоридан ортиқ бўлса, суғурта товони ҳар бир жабрланувчининг барча жабрланувчилар (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворислари) талабларининг умумий суммасидаги улушига мутаносиб равишда тўланади.
Ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдори тўлиқ аниқлангунига қадар суғурталовчи жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) аризасига кўра суғурта тўловининг мазкур зарарнинг амалда аниқланган қисмига мувофиқ бўлган қисмини тўлашга ҳақли.
Жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) билан келишувга кўра ва мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган шартлар асосида суғурталовчи шикастланган мол-мулкнинг суғурта товони ҳисобидан таъмирланишини ва (ёки) унинг қолдиқлари утилизация қилинишини ташкил қилишга ва ҳақини тўлашга ҳақли.
Суғурта товонини тўлаш суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
Суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги ёки уни тўлаш ҳақидаги қарори ариза берувчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда мурожаат этганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай чиқарилиши ҳамда ариза берувчига хабар қилиниши керак. Товон тўлаш рад этилганда, қарорда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.
Агар суғурта товонини тўлаш ушбу Қонунда белгиланган муддатда амалга оширилмаган бўлса, суғурталовчи жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурта товонига қўшимча равишда, суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасидан келиб чиққан ҳолда пеня тўлайди.
Агар мажбурий суғурта шартномаси амалда бўлган даврда суғурталовчи жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурта товони тўласа, суғурта қилдирувчи суғурталовчидан суғурта товони тўланганлиги тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан икки ҳафталик муддатда тўланган суғурта товони суммасига ва мажбурий суғурта шартномаси амал қилишининг қолган муддатига мутаносиб равишда қўшимча суғурта мукофотини тўлайди.
Суғурталовчи мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши даврида вужудга келган зарарларнинг ўрнини, агар жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) зарарларни келтириб чиқарган суғурта ҳодисаси ҳақида зарарларнинг ўрнини мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин уч йил ичида ундириш тўғрисида даъво аризаси берган бўлса, қоплайди.
lex.uz’dagi asl matn«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун
23-modda. Суғурта товонини тўлаш
(23-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1154-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1154/0618-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.