«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун

38-modda. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқи

(38-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 октябрдаги ЎРҚ-1091-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.10.2025 й., 03/25/1091/0969-сон)

Ногиронлиги бўлган шахслар барча даражалардаги таълим ташкилотларида таълим олиш ва ўз қобилиятини янада тўлиқроқ ривожлантириш учун бутун умри давомида таълим олиш ҳамда жамият ва давлат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив таълимини ривожлантиришни, уларнинг таълим олиши ва касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини кафолатлайди. Таълим ташкилотлари давлат органлари билан биргаликда ногиронлиги бўлган болаларнинг мактабгача, қўшимча ва умумий ўрта таълим олишини, шунингдек ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълими олишини таъминлайди. Агар ногиронлиги бўлган болаларни таълим муассасаларида ўқитишнинг вақтинча имкони бўлмаса, таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим муассасалари ногиронлиги бўлган болаларнинг соҳага оид шифокорлар тавсиялари асосида ҳамда ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан уйда ўқитилишини таъминлайди. Ногиронлиги бўлган болаларни уйда ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Давлат ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, қўшимча, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлайди. Ногиронлиги бўлган шахсларни тўловдан озод қилган ҳолда ёки имтиёзли шартлар асосида махсус ўқув қўлланмалари ва адабиётлар, шунингдек сурдотаржимонлар хизматларидан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Нодавлат таълим ташкилотлари ногиронлиги бўлган шахсларни (болаларни) ўқитганлик учун тўлов бўйича имтиёзлар белгилашга ҳақли. Ногиронлиги бўлган шахсларга таълим бериш, уларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш турли шаклларда, шу жумладан ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда, экстернат шаклида, шунингдек масофавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда, умумий типдаги таълим муассасаларида ва ташкилотларида, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, уйда, махсус гуруҳларда, синфларда ва якка тартибдаги ўқув режалари бўйича ўқитиш йўли билан амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама ва уйғун ривожлантириш, уларда ижтимоий фаолликни шакллантириш, меҳнатга иштиёқ уйғотиш, уларни илм-фанга, техникага, санъатга ва спортга жалб этиш мақсадида таълим муассасалари ногиронлиги бўлган болаларнинг қўшимча таълимдан фойдаланишини, бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратган ҳолда, давлат органлари билан биргаликда таъминлаши шарт. Имо-ишора тили Ўзбекистон Республикаси томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахслараро муомала воситаси сифатида эътироф этилади. Давлат органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар бири учун мосроқ бўлган тилларни, мулоқот қилиш усуллари ва воситаларини қулай мультимедиа воситалари ва рақамли технологияларини ривожлантириш, Брайль алифбосини, муқобил ҳарфларни, нутқ ва оғзаки муомала кўникмаларини ўзлаштириш, шунингдек ўқитувчиларни ва мактаб ходимларини инклюзив таълим масалаларида ўқитиш, имо-ишора тилини ва Брайль алифбосини биладиган ногиронлиги бўлган ўқитувчиларни таълим муассасаларига ишга жойлаштириш ёрдамида ногиронлиги бўлган шахслар учун таълим тизимини такомиллаштириш чораларини кўради.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.