«Korrupsiyaga qarshi kurashish to'g'risida»gi qonun

-modda. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлари

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар (бундан буён матнда ҳудудий кенгашлар деб юритилади) ташкил этилади. Ҳудудий кенгашлар давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий тузилмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат таркибда Миллий кенгаш қарори билан тасдиқланади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раислари ҳудудий кенгашларнинг раислари ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари котибиятлари тегишли ҳудудий кенгашларнинг ишчи органидир. Ҳудудий кенгашларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг жойларда амалга оширилишини ташкил этиш; давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий тузилмаларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини ҳуқуқий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш; давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий тузилмалари раҳбарларининг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳамда келгусида режалаштирилган чора-тадбирлар юзасидан ахборотини эшитиш; ҳудудда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини таъминлаш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳолати, муайян бир соҳа ёки ҳудуд бўйича коррупцияга қарши курашишга доир чора-тадбирлар дастурини аҳолининг коррупцияни идрок этиш даражасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; ҳудуддаги коррупцияга оид хавф-хатар юқори бўлган объектларда коррупциявий омилларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларидан, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг, назорат қилувчи органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлар тузган ҳолда ўрганиш ва бартараф этиш чораларини кўриш; коррупциянинг олдини олишга қаратилган вазифаларнинг ижросини таъминлашда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича таклифлар киритиш; коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва Миллий кенгашга киритиш. Ҳудудий кенгаш фаолиятининг асосий ташкилий шакли унинг мажлисидир. Ҳудудий кенгаш ўз ваколатлари жумласига кирадиган масалаларни, қоида тариқасида, ҳар чоракда ўз мажлисида кўриб боради. Ҳудудий кенгаш мажлиси аъзоларнинг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда, ваколатли деб ҳисобланади. Ҳудудий кенгаш мажлисларида қабул қилинадиган қарорларнинг бажарилиши ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари учун мажбурийдир.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.