Jinoyat-protsessual kodeksi

615-modda. Суд ажрими

Суд илтимосномани кўриб чиқиб ажрим чиқаради, унда қуйидагилар кўрсатилади: 1) хорижий давлат судининг номи, қарор қабул қилинган вақт ва жой; 2) маҳкумнинг ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, Ўзбекистон Республикасидаги охирги яшаш жойи, ҳукм қилингунига ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилгунига қадар ишлаган жойи ва лавозими, фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар; 3) содир этилишида шахс айбли деб топилган жиноятнинг тавсифи ва шахснинг ҳукм қилинишига ёхуд ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилишига асос бўлган хорижий давлат жиноят тўғрисидаги қонунининг моддаси (қисми, банди); 4) маҳкум ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс содир этган жиноят учун жавобгарлик назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг моддаси (қисми, банди); 5) маҳкумнинг Ўзбекистон Республикасида ўташи керак бўлган жазо тури ва муддати, тегишли тартибли колония тури, фуқаролик даъвоси бўйича келтирилган зарарнинг ўрнини қоплаш ёки ундириш тартиби, мажбурий даволанаётган шахсга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг тури; 6) ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа маълумотлар. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари томонидан хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида киритилган илтимосномани кўриб чиқишда, агар суд: 1) хорижий давлат судининг қарори билан ҳукм қилинган ёхуд ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг қилмиши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланмаслиги; 2) жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги туфайли ёхуд Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосга кўра хорижий давлат судининг қарорини ижро этиш мумкин эмаслиги; 3) хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига, суверенитетига ёки хавфсизлигига зарар етказиши мумкинлиги ҳақида хулосага келса, хорижий давлат судининг қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Суднинг ажрими ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан кучга киради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига унинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш учун, ҳимоячига ва бошқа манфаатдор шахсларга эса маълумот учун юборилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.