Jinoyat-protsessual kodeksi

614-modda. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олишда жазони белгилаш тартиби

Жазони ўташ учун халқаро шартномаларга мувофиқ хорижий давлат томонидан топширилган маҳкумга нисбатан жазо муддати хорижий давлат судининг ҳукми билан тайинланган муддатга мутаносиб равишда ҳисобланади. Агар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазонинг энг кўп муддати хорижий давлат судининг ҳукми билан тайинланган муддатдан кам бўлса, суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида мазкур жиноятни содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазонинг энг кўп муддатини белгилайди. Агар хорижий давлат суди томонидан шахсга хорижий давлат ҳудудида содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида эса ушбу жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилмаган бўлса, суд мазкур жиноят учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган оғирроқ жазо турини тайинлайди. Шахснинг хорижий давлат ҳудудида содир этган жинояти учун тайинланган жазо тури Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилмаган ҳолларда, суд хорижий давлат суди томонидан тайинланган жазо турига мос келадиган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган бошқа жазо турини тайинлайди. Агар хорижий давлат судининг ҳукми билан шахсга бир неча қилмиш учун жазо тайинланган бўлиб, уларнинг айримлари Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳисобланмаса, суд хорижий давлат судининг ҳукми бўйича тайинланган жазонинг қайси қисми Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланадиган қилмишга нисбатан қўлланилишини белгилайди. Хорижий давлат судининг қарори билан тайинланган қўшимча жазони тан олиш ва ижрога қаратиш суд томонидан ушбу жиноятнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва ушбу Кодексга мувофиқ ҳал қилинади. Хорижий давлат судининг қарори билан тайинланган жазонинг маҳкум томонидан ўталган қисми суд томонидан ажрим чиқаришда жазо муддатига қўшиб ҳисобланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.