Jinoyat-protsessual kodeksi

48-modda. Гумон қилинувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

(48-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги ЎРҚ-675-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.02.2021 й., 03/21/675/0126-сон)

Гумон қилинувчи: ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиш; ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; у амалда ушланган ёки жиноят жойида ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири амалда якунланган ёхуд унинг гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш, ушбу Кодекснинг 230-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; ушланганидан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай сўроқ қилинишини талаб қилиш; ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш; ўз она тилидан ҳамда таржимон хизматидан фойдаланиш; ўзининг ҳимояланиш ҳуқуқини шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим этиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати билан тергов ҳаракатларида иштирок этиш; ярашув тўғрисидаги, амнистия актини қўллаш ҳақидаги ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳуқуқига эга. Гумон қилинувчи: суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши, суриштирувда ва дастлабки терговда иштирок этишдан бош тортмаслиги; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар билан тўсқинлик қилмаслиги; ўзига нисбатан танланган эҳтиёт чорасидан келиб чиқадиган талабларни бажариши; суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг гувоҳлантириш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги қарорлари ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал қарорлар ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; ишни тергов қилишда тартибга риоя этиши шарт. Гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.