Jinoyat-protsessual kodeksi

479-modda. Суд қарорлари устидан шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқи ҳамда унинг таъминланиши

Ушбу Кодекснинг 497², 499 ва 511-моддаларида назарда тутилган процесс иштирокчилари биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан белгиланган тартибда апелляция ёки кассация тартибида шикоят беришга ёки протест билдиришга, шунингдек тафтиш тартибида шикоят (илтимоснома) беришга ёхуд протест билдиришга ҳақлидир. Бунда улар ўз важларини тасдиқлаш учун қўшимча материалларни тақдим этиши мумкин. Апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят ёки протест тушганлиги тўғрисида суд ушбу шикоят ёки протест кимнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, ўша процесс иштирокчиларини уч сутка ичида хабардор қилади ва бир вақтнинг ўзида уларга ушбу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини почта орқали ёхуд ҳукм, ажрим чиқарган суднинг интернет-ресурси орқали юборади. Бунда тарафларга уларнинг шикоятга, протестга доир эътирозларини ёзма шаклда ёхуд электрон ҳужжат тарзида бериш ҳуқуқи, эътирозларни тақдим этиш муддати кўрсатилган ҳолда, тушунтирилади. Шикоят, протест юзасидан келиб тушган эътирозлар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади. Процесс иштирокчилари иш билан, шу жумладан қўшимча тақдим этилган материаллар билан танишишга ва судга ўз эътирозларини хабар қилишга ҳақлидир. Апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида шикоят ёки протест берган шахс, шунингдек шикоят ёки протест кимнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, ўша процесс иштирокчилари иш апелляция, кассация ёхуд тафтиш тартибида кўриладиган вақт ва жой тўғрисида суд томонидан хабардор қилинади. Маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида иштирок этишга ҳақлидир. Мазкур шахслар ишни кассация ёки тафтиш тартибида кўриш чоғида ҳам иштирок этишга ҳақли, бундан жазони ижро этиш муассасасида бўлган ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкум мустасно. Жазони ижро этиш муассасасида бўлган ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумнинг кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг мажлисида иштирок этиши, шунингдек маҳкумни суд мажлисига олиб келиш зарурлиги тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал қилинади. Иш кўриладиган вақт ва жой ҳақида ўз вақтида хабардор қилинган мазкур шахсларнинг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги ишни кўришга монелик қилмайди. Бироқ суд маҳкумни, оқланган шахсни, шунингдек жабрланувчини, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни ва уларнинг вакилларини тушунтиришлар бериш учун чақириши мумкин. Маҳкумнинг ёки оқланган шахснинг ҳимоячилари ва қонуний вакиллари ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида иштирок этиши шарт.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.