«Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish to'g'risida»gi qonun

38-modda. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш тўғрисидаги масалаларнинг суд ёки давлат ижрочиси томонидан кўриб чиқилиши

(38-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 19 августдаги ЎРҚ-1082-сонли Қонунига асосан саккизинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2025 й., 03/25/1082/0750-сон)

Суд томонидан берилган ижро ҳужжатига асосан қўзғатилган ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ўша суд ёки давлат ижрочиси турган жойдаги суд томонидан амалга оширилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ижро ҳужжатлари бўйича ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш давлат ижрочиси турган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан амалга оширилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ёки Жиноят-процессуал кодексларида ёхуд Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексида бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, ижро иши юритишдаги тарафларнинг ёки давлат ижрочисининг ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ёки тугатиш тўғрисидаги аризаси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўриб чиқилади. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш, ушбу Қонун 34-моддасининг иккинчи қисми, 35-моддасининг иккинчи қисми ва 37-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда, ижро ҳужжати қайси давлат ижрочисининг иш юритишида бўлса, ўша давлат ижрочиси томонидан амалга оширилади. Ижро иши юритишдаги тарафларнинг ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги аризаси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда давлат ижрочиси томонидан кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат ижрочиси ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида ёхуд ижро иши юритишни тўхтатиб туришни ёки тугатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқаради. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақидаги суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг ҳужжати давлат ижрочиси томонидан олинган пайтдан эътиборан дарҳол ижро этилиши керак. Давлат ижрочиси ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида бу ҳақда унга маълум бўлган вақтдан эътиборан уч кунлик муддатда ижро иши юритишдаги тарафларга, судга (агар масала ижро ҳужжатини берган суд томонидан эмас, бошқа суд томонидан ҳал қилинган бўлса) ёки ижро ҳужжатини берган ўзга органга маълум қилади. Тўхтатилган ижро иши юритиш бўйича у тиклангунига қадар мажбурий ижро чоралари қўлланилишига йўл қўйилмайди. Қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган хатлов ижро ҳужжатини ижро этишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд ҳужжатида назарда тутилган тақдирда, ижро иши юритишни тўхтатиб туриш учун белгиланган муддатга олиб ташланади. Суд ёки бошқа органнинг ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ёхуд тугатиш тўғрисидаги ҳужжати устидан ўн кунлик муддатда шикоят қилиниши ёки протест билдирилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.