Yo'l harakati to'g'risidagi qonun

43-modda. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўлларда ҳаракатланишнинг хавфсиз шарт-шароитларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланади. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқларини чекламаслиги ёки бузмаслиги керак. Йўл ҳаракати иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга: Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ йўлларда эркин ва монеликсиз ҳаракатланиш; қонунчиликда назарда тутилган ўз ҳуқуқларининг чекланиши ёки бузилиши сабаблари тўғрисида махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахсларидан тушунтиришлар олиш; ҳаракатланишнинг хавфсиз шароитлари тўғрисида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган техник воситалар ва хизматларнинг сифати ҳақида тўлиқ ҳамда ишончли ахборот олиш; йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда қонунчиликка мувофиқ зиммасига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув ишларини олиб бориш ва бошқа шошилинч ёрдам кўрсатиш мажбурияти юклатилган ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслардан шундай ёрдамлар олиш; йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ўзига тан жароҳатлари етказилган, транспорт воситаси ва юк шикастланган ҳолларда, қонунчиликда белгиланган тартибда зарарнинг ўрни қопланиши, шунингдек маънавий зарар компенсация қилиниши; махсус ваколатли давлат органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати соҳасидаги қонунга хилоф қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш; йўл белгиларини, чизиқларини, светофорларни ўзгартириш ва ўрнатиш юзасидан, йўл қопламасининг ҳолати ҳақидаги таклифлар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир бошқа таклифлар билан тегишли органларга мурожаат этиш. Йўл ҳаракати иштирокчилари: йўл ҳаракати тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши; йўл ҳаракати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариши шарт. Йўл ҳаракати иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.