Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
йўл объектлари — йўлнинг конструктив элементлари бўлган йўл сунъий иншоотлари (кўприклар, йўл ўтказгичлар, осма кўприклар, қувурлар, туннеллар ва бошқа муҳандислик иншоотлари), ҳимоя қилиш иншоотлари (йўлларни қор кўчкиларидан, ер чўкишидан, ер кўчкиларидан ҳимоя қилиш қурилмалари ва бошқа қурилмалар), шунингдек йўлларни жиҳозлаш элементлари (тўхташ майдончалари, йўловчилар учун павильонлар, дам олиш майдончалари, транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари ва бошқалар);
йўл эгаси — йўл қайси корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ёки жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша корхоналар, муассасалар ташкилотлар ёки жисмоний шахслар;
йўл ҳаракати — йўл ҳаракатини ташкил этишда йўллар доирасида транспорт воситалари ва йўл ҳаракати иштирокчилари иштирокида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар мажмуи;
йўл ҳаракати иштирокчиси — йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда сифатида бевосита иштирок этаётган шахс;
йўл ҳаракати мониторинги — йўл ҳаракатини ташкил этишнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари ҳолати ҳақидаги ахборотни ҳисобга олиш, умумлаштириш, унга ишлов бериш ва уни таҳлил қилиш;
йўл ҳаракатини ташкил этиш — йўл ҳаракатини бошқариш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий, ташкилий-техник тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи;
йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳаларининг аудити — ташкилотларнинг йўлларни лойиҳалаштириш (лойиҳалаш ташкилотидан мустақил равишда), қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш чоғидаги фаолияти натижаларининг йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича норматив-техник ҳужжатларнинг амалдаги талабларига мувофиқлигини текшириш;
йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари — йўл ҳаракатини ташкил этиш учун мўлжалланган қурилмалар ва иншоотлар (йўл белгилари, ҳаракатланиш полосалари, светофорлар, милтилловчи маёқчалар, йўл чизиқлари, йўл устунлари, тўсиқлари, тезликни чекловчи қурилмалар, шлагбаумлар, хавфсизлик оролчалари, йўл ҳаракатини автоматик бошқариш тизимлари (воситалари), шунингдек бошқа қурилмалар ва иншоотлар);
йўл ҳаракати хавфсизлиги — йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати;
йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти — йўлнинг муайян участкасидаги бир йўналишда транспорт воситалари ҳаракатланиши жадаллигининг энг юқори кўрсаткичи;
йўл-транспорт ҳодисаси — транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиши жараёнида ва унинг иштирокида содир бўлган, фуқаролар вафот этган ёки уларнинг соғлиғига зарар етказилган, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланган ёхуд бошқа моддий зарар етказилган ҳодиса;
темир йўл кесишмаси — йўлнинг темир йўллар билан бир сатҳда кесишган жойи;
транспорт воситаси — йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ёки махсус ишларни амалга ошириш учун ускуналарнинг йўлларда ҳаракатланиши ёки ташилиши учун мўлжалланган қурилма;
транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойлари (бундан буён матнда тўхтаб туриш жойлари деб юритилади) — транспорт воситаларини вақтинча ёки доимий сақлаш учун мўлжалланган, йўлнинг кенгайтирилиб қатнов қисмидан ажратилган участкаси, бино, иншоот (уларнинг бир қисми), махсус очиқ майдонча;
ҳайдовчи — транспорт воситасини бошқарувчи шахс. Транспорт воситасини бошқариш ўргатилаётганда ўргатувчи шахс ҳайдовчи деб ҳисобланади.
lex.uz’dagi asl matnYo'l harakati to'g'risidagi qonun
4-modda. Асосий тушунчалар
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.