Yo'l harakati to'g'risidagi qonun

28-modda. Йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурлар

(28-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)

Йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурлар йўл ҳаракатини ташкил этишнинг стратегик йўналишларини белгилаш ҳамда йўл ҳаракатини бошқариш самарадорлигини таъминлаш юзасидан қарорлар қабул қилиш учун ишлаб чиқилади. Йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурлар туманлар (шаҳарлар) кесимида беш йил муддатга ишлаб чиқилади ҳамда улар асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича комплекс дастурлар тайёрланади. Туманларнинг (шаҳарларнинг), шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг кўчаларида, шунингдек хўжалик йўлларида йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурлар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади. Умумий фойдаланишдаги йўлларда йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тайёрланади ва тасдиқланади. Йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурларда қуйидагилар назарда тутилади: йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича тадбирлар; атроф-муҳитга транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш бўйича тадбирлар; йўл ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш; аҳолиси беш юз минг нафар кишидан ортиқ бўлган шаҳарларда — транзит ташувчилар учун айланиб ўтиш (ҳалқа) йўллари ҳақидаги, тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида шаҳарга кирилаётганда тўхтаб туриш жойлари тўғрисидаги, шаҳар ҳудудидаги мавжуд тўхтаб туриш жойлари ҳақидаги автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этиш; йўлларни ва йўл объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда таъмирлаш бўйича тадбирлар. Йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурларда кўрсатилган тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича комплекс дастурлар оммавий ахборот воситаларига, шу жумладан махсус ваколатли давлат органларининг ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.