Ер тузиш ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ташкил этишга, ер ресурсларини ҳисобга олиш ва баҳолашга, қулай экологик муҳитни вужудга келтиришга ва табиий ландшафтларни яхшилашга, ер тузишнинг ҳудудий ва ички хўжалик режаларини тузишга қаратилган тадбирлар тизимини ўз ичига олади.
Ер тузиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органининг топшириғига ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг талабномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Кадастр агентлигининг органлари томонидан амалга оширилади.
Ер тузиш истиқболга мўлжалланган, лойиҳалаш олдидан, хўжаликлараро ҳамда ички хўжалик ер тузиш турларига бўлинади.
Истиқболга мўлжалланган ва лойиҳалаш олдидан амалга ошириладиган ер тузишга қуйидагилар киради:
1) республика ва унинг минтақаларининг ер-сув ресурсларидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш чизмаларини ишлаб чиқиш;
2) туманлар ва вилоятларнинг ер тузилиши чизмаларини ишлаб чиқиш;
3) тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ истиқбол режаларини, республика миқёсидаги ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш;
4) муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг жойлашиши ва чегаралари белгиланишини асослаш.
Хўжаликлараро ер тузишга қуйидагилар киради:
1) жойнинг ўзида овуллар, қишлоқлар, посёлкалар, туманлар, шаҳарлар, вилоятларнинг чегараларини белгилаш;
2) ерларнинг жойлашишидаги ноқулайликларни бартараф этган ҳолда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачиларнинг ва мулкдорларнинг янги ер участкаларини ташкил этиш ҳамда мавжуд ер участкаларини тартибга солиш лойиҳаларини тузиш;
3) янги ташкил этилаётган, қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ҳамда ташкилотларига ер ажратиб бериш лойиҳаларини тузиш;
4) корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ерларни ажратиб бериш лойиҳаларини тузиш;
5) ер участкаларини натурада (жойнинг ўзида) ажратиб бериш, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаш;
6) янги ерларни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалик ерларини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқни сув ва шамол эрозиясидан, селлардан, кўчкилардан, сув босишдан, захлашдан, қақраб қолишдан, заранглашишдан, ишлаб чиқариш чиқиндилари, радиоактив ва кимёвий моддалар билан ифлосланишдан ҳимоя қилиш бўйича ишчи лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
7) барча ерларни рўйхатга олиш ҳамда фойдаланилмаётган, самарасиз фойдаланилаётган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган ерларни доимий аниқлаб бориш;
8) ерларни ресурс жиҳатидан баҳолаш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан ер тузиш ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
9) ерларни баҳолаш тадбирларини ўтказиш.
Хўжаликлараро ер тузиш туманлар ёки бир-бирлари билан ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари гуруҳларининг маъмурий чегаралари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳалари бошқа туманлар ёки шаҳар ва посёлкалар ҳудудига тегишли бўлган ҳолларда, уларнинг чегараларини ўзгартириш масалалари маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегараларини жойнинг ўзида белгилаш тартибида ҳал қилинади.
Хўжаликлараро ер тузиш лойиҳалари тасдиқланганидан кейин натурага (жойнинг ўзига) кўчирилиб, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорлар ер участкаларининг чегаралари белгиланган намунадаги марза белгилари билан ажратилади.
Ички хўжалик ер тузиш тури қишлоқ хўжалиги корхоналарининг, муассасаларининг ва ташкилотларининг ҳудудини ички хўжалик негизида белгилаб олишни, қишлоқ хўжалик экинларини ва кўп йиллик дов-дарахтларни жойлаштиришни, илмий асосланган алмашлаб экишни жорий қилишни, барча қишлоқ хўжалик ерларини (пичанзорлар, яйловлар, боғлар, токзорлар ва бошқаларни) жойлаштиришни, тупроқ эрозиясига қарши курашиш тадбирларини ишлаб чиқишни, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида ер участкасидан рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мос бўлган қурилиш объектларини жойлаштиришни (қуришни), шунингдек суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилишни ўз ичига олади.
Ички хўжалик ер тузиш тури лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан ер тузишнинг таркибий қисми бўлган муаллифлик назорати олиб борилади.
Ер тузиш тартибида ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бошқа лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилиши мумкин.
Ер тузиш таркибида топография-геодезия, картография, тупроқ, агрокимё, геоботаника жиҳатидан, тарихий-маданий ва бошқа йўналишда текширишлар ҳамда изланишлар олиб бориш назарда тутилади.
lex.uz’dagi asl matnYer kodeksi
12-modda. Ер тузишнинг вазифалари ва мазмуни
(12-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.