Uy-joy kodeksi

134-modda. Кўп квартирали уйдаги мол-мулкни сақлаш харажатларини ва коммунал хизматлар учун мажбурий тўловларни тўлаш муддатлари

(134-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 мартдаги ЎРҚ-1044-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2025 й., 03/25/1044/0224-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 июнь)

Кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай тўлайди. Давлат уй-жой фондининг кўп квартирали уйидаги жойларни ижарага, арендага олувчилар шу уйдаги умумий фойдаланишдаги мол-мулкни сақлаш ҳақини ижарага, арендага бериш шартномаси шартларига мувофиқ, бироқ ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай тўлайди. Давлат ва хусусий уй-жой фондларида кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар тўлаш ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай ҳар ойда амалга оширилиши керак, бундан сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари мустасно. Давлат ва хусусий уй-жой фондларида кўрсатиладиган сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари учун мажбурий тўловлар олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши керак. Кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорлари, ижарага, арендага олувчилари кечиктирилган ҳар бир кунга юридик шахслар учун 0,4 фоиз, жисмоний шахслар учун 0,1 фоиз миқдорида, бироқ кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайди. Агар ширкат, бошқарувчи ёки бошқарувчи ташкилот кўп квартирали уйнинг коммунал хизматлар буюртмачиси бўлса, уларга пеня миқдорлари бўйича ушбу модданинг бешинчи қисмида жисмоний шахслар учун белгиланган норма қўлланилади. Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига коммунал хизматлар кўрсатиш мажбурий тўловлар уч ойдан ортиқ тўланмаган тақдирда тўхтатиб турилади, бундан сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари, шунингдек электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш мустасно. Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматлари учун олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш амалга оширилмаган тақдирда, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларидан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўрилади. Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, ижарага, арендага олувчиларига электр энергияси ва табиий газ етказиб берганлик учун ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган муддатда мажбурий тўловлар тўланмаган тақдирда, электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўрилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.