«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)

96-modda. Суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш оқибатлари

(96-модда бешинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 7 февралдаги ЎРҚ-1025-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2025 й., 03/25/1025/0116-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 май)

Суд санацияси тартиб-таомили ўтказилаётганда қарздорнинг бошқарув органлари ўз ваколатларини ушбу бобда белгиланган чекловлар билан амалга оширади. Суд санацияси тартиб-таомили жорий этилган пайтда: кредиторларнинг талабларини таъминлаш бўйича илгари қабул қилинган чоралар бекор қилинади; қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва қарздорга нисбатан унинг ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф этиш борасидаги ваколатларини бошқача тарзда чекловлар фақат тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили доирасида жорий этилади; тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш жараёнида юзага келадиган барча турдаги жорий солиқ тўловларини (бундан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича солиқлар мустасно) тўлаш тўхтатиб турилади ва суд санацияси тартиб-таомили жараёнининг муддати якунлангач тўланади. Бундай ҳолда суд санация қилувчи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлаган ва қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарган санадан эътиборан мазкур солиқ қарзлари олти ой ичида тенг миқдорда бўлиб-бўлиб тўланади; суд санацияси тартиб-таомили пайтида юзага келган пул мажбуриятларини ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун неустойка (жарима, пеня) ва бошқа иқтисодий (молиявий) санкциялар, шунингдек тўланиши лозим бўладиган фоизлар қўлланилмайди. Қарзни тўлаш жадвалига мувофиқ қаноатлантирилиши лозим бўлган пул мажбуриятлари ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича кредиторнинг талаблари суммасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасида назарда тутилган тартибда ва миқдорда фоизлар ҳисобланади. Бу фоизлар суд санациясини жорий этиш ҳақида суд ажрим чиқарган пайтдан эътиборан ва кредиторнинг талабини қаноатлантириш пайтигача, агар бундай қаноатлантириш рўй бермаса, — унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиш пайтигача кредиторнинг талаблари суммасига қўшиб ёзилиши лозим. Кредиторлар йиғилишининг, мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг ёки санация қилувчи бошқарувчининг қарздорнинг раҳбари суд санацияси режасини бажармаганлиги ёхуд лозим даражада бажармаганлиги ҳақидаги ёки қарздорнинг раҳбари қарздорнинг, кредиторларнинг, мажбуриятларни бажариш таъминотини берган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган илтимосномасига биноан суд қарздорнинг раҳбарини ўз вазифасини бажаришдан четлаштиришга ҳақлидир. Бундай ҳолларда суд қарздорнинг раҳбари вазифасини бажаришни санация қилувчи бошқарувчининг зиммасига юклатишга ҳақли. Суд қарздорнинг раҳбарини ўз вазифасини бажаришдан четлаштириш ҳақида ажрим чиқаради, бу ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин. Қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси кредиторлар йиғилишининг ёхуд кредиторлар қўмитасининг розилигисиз қарздорни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга, қарздор эса қуйидаги битимларни тузишга ҳақли эмас: кўчмас мол-мулкни ижарага, гаровга бериш, мазкур мол-мулкни хўжалик жамиятларининг устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида қўшиш ёки бундай мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этиш билан боғлиқ битимлар; йирик битимлар; заёмлар (кредитлар) олиш ва бериш, кафиллик бериш, талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш, қарзни бошқа шахсга ўтказиш, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини ишончли бошқариш шартномасини тузиш билан боғлиқ битимлар; санация қилувчи бошқарувчи ёки кредиторлар муайян битимларнинг тузилишидан қонунчиликда белгиланган тартибда манфаатдор бўладиган битимлар. Суднинг суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги ажрими қарздор тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилгунига қадар тузган шартномаларни бажаришни тўхтатиш ёки уларни бажаришни рад этиш учун асос бўла олмайди. Қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилгунига қадар тузилган, қарздорнинг фаолиятини давом эттириш учун муҳим ҳисобланган шартномаларнинг бажарилиши қарздор ёки санация қилувчи бошқарувчи томонидан давом эттирилади. Бундай ҳолда қарздор томонидан тузилган шартномаларнинг бажарилишини қарздорга нисбатан суд санацияси тартиб-таомили жорий этилганлиги муносабати билан тўхтатиш ёки уларни бажаришни рад этиш бўйича тарафларнинг келишувлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно. Санация қилувчи бошқарувчи ва кредиторлар қарздорнинг битимларини қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Санация қилувчи бошқарувчи ва кредиторлар тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганидан кейин ёки қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилишидан олдинги йигирма тўрт ой ичида тузилган ҳамда бутунлай ёки қисман бажарилмаган шартномаларни бекор қилишни қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда талаб қилиш ҳуқуқига эга: шартномаларни бажариш қарздорга зарар етказса ва (ёки) қиёсий ҳолатларда тузиладиган худди шундай шартномаларга нисбатан қарздорнинг, кредиторларнинг, қарздор мажбуриятларининг бажарилишини таъминловчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузса; шартнома бир йилдан ортиқ муддатга тузилган ёхуд қарздор учун фақат узоқ истиқболда ижобий натижалар олишга мўлжалланган бўлса; шартнома бир кредиторнинг талабларини бошқа кредиторлар талабларига нисбатан афзалроқ қаноатлантиришга олиб келса. Тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномалар бўйича шартномаларни бекор қилиш ҳақидаги талаб қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга монелик қиладиган бошқа ҳолатларда ҳам билдирилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.