«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)

122-modda. Ташқи бошқарув режаси

Ташқи бошқарувчи суд томонидан тайинланган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида ташқи бошқарув режасини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун кредиторлар йиғилишига тақдим этиши керак. Ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида овоз беришда биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари иштирок этади. Кредиторлар йиғилишининг ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш ҳақидаги қарори, агар уни биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Бунда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ва ташқи бошқарув режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредитор ёки кредиторлар қарздор тугатилган тақдирда энг камида олиши мумкин бўлган кафолатли товонга тенг товон олишга ҳақлидир. Агар биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторлар ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилмаса, шунингдек овоз бериш чоғида гуруҳлардан биридаги кредиторларнинг зарур миқдордаги овозлари тўпланмаса, судга қарздорни банкрот деб топиш ва тугатиш тўғрисида иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилинади. Кредиторлар йиғилишининг ташқи бошқарув режасига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қарори биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари томонидан, агар ҳар бир алоҳида гуруҳнинг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинади. Ташқи бошқарув режасида қуйидагилар назарда тутилиши керак: қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш чора-тадбирлари, мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш шартлари ва тартиби, уларни амалга ошириш харажатлари ҳамда қарздорнинг бошқа харажатлари; қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш муддати. Қарздорнинг тўлов қобилияти ушбу Қонуннинг 5-моддасида белгиланган тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжуд бўлмаган ва (ёки) кредиторлар томонидан билдирилган талаблардан воз кечилган тақдирда тикланган деб эътироф этилади. Ташқи бошқарув режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредиторлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қуйидагиларни текшириш учун экспертларни жалб этиши мумкин: ташқи бошқарув режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредитор ҳамда ушбу режани тасдиқлаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган кредитор қарздор тугатилган тақдирда энг камида олиши мумкин бўлган кафолатли тўловга тенг товон олиш ҳуқуқига эга бўлишини; ташқи бошқарув режасининг муваффақиятли бажарилиш имконияти мавжудлигини; қарздорнинг мол-мулки билан таъминланган кредиторларнинг бошқа кредиторларга нисбатан устунлик ҳуқуқини. Агар ташқи бошқарув режасида қарздор талабини камайтириш ёки ҳисобдан чиқариш назарда тутилган бўлса, бу ушбу Қонуннинг 100-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Ташқи бошқарувчи кредиторлар йиғилишининг ёки кредиторлар қўмитасининг талабига биноан ташқи бошқарув тартиб-таомили жараёни ҳақида кредиторлар олдида ҳисобот беради. Ташқи бошқарув режасини амалга ошириш қарздорнинг хўжалик фаолияти тугатилишига олиб келмаслиги керак, бундан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганидан кейин юзага келган пул мажбуриятларини қаноатлантириш ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича мажбуриятни бажариш вазифаси қарздорнинг мол-мулкини сотиб олувчига ўтадиган ҳоллар мустасно.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.