«Тўловга қобилияцизлик тўғрисида»ги қонун (банкротлик)

100-modda. Суд санацияси режаси ва қарзни тўлаш жадвали

Суд санацияси режаси қарздорнинг раҳбари, қарздор муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси томонидан тайёрланади. Суд санацияси режасида қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга доир аниқ чора-тадбирлар кўрсатилган бўлиши керак. Суд санацияси режасида қуйидагилар назарда тутилиши керак: қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш чора-тадбирлари, мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш шартлари ва тартиби, уларни амалга ошириш харажатлари ҳамда қарздорнинг бошқа харажатлари; қарзни тўлаш жадвали; суд санацияси режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредиторнинг ёки ушбу режани тасдиқлаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган кредиторнинг қарздор тугатилган тақдирда олиши мумкин бўлган кафолатли товоннинг миқдори ва тўлаш муддати; қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш даври. Суд санацияси режасида қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш юзасидан ушбу Қонуннинг 125-моддасида назарда тутилган чора-тадбирлар бўлиши мумкин. Суд санацияси режасини амалга ошириш муддати суднинг суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш тўғрисидаги ажримида назарда тутилган муддатдан ошиши мумкин эмас. Суд санацияси режасида қарзни тўлаш жадвалига мувофиқ кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун зарур бўлган маблағларни суд санацияси жараёнида қарздор томонидан олиш усуллари назарда тутилиши керак. Суд санацияси режаси кредиторларнинг йиғилиши томонидан тасдиқланиши керак. Суд санацияси режасини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилаётганда овоз беришда биринчи ва иккинчи гуруҳ кредиторлари иштирок этади. Кредиторлар йиғилишининг суд санацияси режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори, агар биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторларнинг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Бунда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ва суд санацияси режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредитор ҳамда ушбу режани тасдиқлаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган кредитор, қарздор тугатилган тақдирда энг камида олиши мумкин бўлган кафолатли тўловга тенг товон олиш ҳуқуқига эга. Агар биринчи ва иккинчи гуруҳларнинг ҳар биридаги кредиторлар суд санацияси режасини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилмаса, шунингдек овоз бериш чоғида гуруҳлардан биридаги кредиторларнинг зарур миқдордаги овози тўпланмаса, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан судга мурожаат қилиш ҳақида қарор қабул қилинади. Суд санацияси режасида қарздорнинг устав фондини (устав капиталини) камайтириш, ушбу Қонуннинг 130-моддасига мувофиқ қарздорнинг қўшимча эмиссиявий акцияларини чиқариш ва жойлаштириш, устав фондига (устав капиталига) қўшимча улуш киритиш ҳамда кредиторларнинг талабларини акцияларга айирбошлаш назарда тутилиши мумкин. Суд санацияси режасида қарздорнинг корхонаси (бизнеси) ёки қарздор мол-мулкининг бир қисми ушбу Қонуннинг 126 ва 127-моддаларида назарда тутилган тартибда сотилиши назарда тутилиши мумкин. Суд санацияси режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредиторлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида экспертларни: суд санацияси режасини тасдиқлашга қарши овоз берган кредитор ҳамда ушбу режани тасдиқлаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган кредитор, қарздор тугатилган тақдирда, энг камида олиши мумкин бўлган кафолатли тўловга тенг товон олиш ҳуқуқига эга бўлишини; суд санацияси режасининг муваффақиятли бажарилиш имконияти мавжудлигини; кредиторларнинг бошқа кредиторларга нисбатан қарздорнинг мол-мулки билан таъминланган устунлик ҳуқуқини текшириш учун жалб этиши мумкин. Агар қарздор суд санацияси режаси учун мол-мулки тўғрисида нотўғри ёки чалғитувчи маълумотларни тақдим этган ёхуд ўз фаолиятига ва (ёки) ишга тааллуқли бўлган ахборотни яширган бўлса, кредиторлар йиғилиши суд санацияси режасини бекор қилиш ва суд санацияси тартиб-таомилини муддатидан илгари тугатиш ҳамда судга ташқи бошқарув тартиб-таомилини жорий этиш ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Суд кредиторлар йиғилишининг илтимосномаси асосида суд санацияси тартиб-таомилини муддатидан илгари тугатиш ҳамда тегишинча ташқи бошқарувни жорий этиш ҳақида ажрим чиқаради ёки қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Қарздорнинг бошқарув органи ва санация қилувчи бошқарувчи суд санациясининг тасдиқланган режаси амалга оширилиши учун масъулдир. Кредиторлар йиғилиши ва (ёки) кредиторлар қўмитаси санация режасининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади. Кредитор санация қилувчи бошқарувчидан суд санацияси режасининг бажарилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай маълумотни сўраб олишга ҳақлидир. Суд санацияси режасида қарздорни қарзлардан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ёхуд уларни ўзгартириш назарда тутилиши мумкин. Қарздорни қарзлардан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ёхуд уларни ўзгартириш барча кредиторларнинг розилиги билан амалга оширилади. Агар бирор-бир кредитор қарздорнинг қарзлардан тўлиқ ёки қисман озод этилишига ёки уларнинг ўзгартирилишига қарши бўлса, қолган кредиторлар унга талабни кредиторларнинг талаблари реестрига мувофиқ сотиб олиш бўйича таклиф беришга ҳақли. Қарздорнинг қарзлардан тўлиқ ёки қисман озод қилинишига ёки уларнинг ўзгартирилишига қарши бўлган кредитор қолган кредиторлар томонидан таклиф этилган шартларни қабул қилиши шарт. Қарзни тўлаш жадвали, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, барча кредиторлар олдидаги қарзнинг тўланишини назарда тутиши керак. Қарзни тўлаш жадвали суд томонидан тасдиқланиши лозим. Қарздорнинг суд санацияси тартиб-таомили жараёнида юзага келган жорий тўловлар бўйича кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш ушбу Қонуннинг 149, 150 ва 185-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Қарздор қарзни тўлаш жадвалини муддатидан илгари бажаришга ҳақлидир.
lex.uz’dagi asl matn

Oddiy tilda

СУД САНАЦИЯСИ РЕЖАСИ ВА ҚАРЗНИ ТЎЛАШ ЖАДВАЛИ Нимани англадади Суд санацияси режаси — қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш учун суд орқали тасдиқланган ишчи режа. Бунда қарздорнинг раҳбари ёки мол-мулк эгаси қарзларни қайси муддатда, қайси тартибда тўлаш жадвалини тайёрлайди. Режада қарзларни тўлаш манбалари, вақти ва шартлари аниқ кўрсатилади. Қарзни тўлаш жадвали — бу режанинг асосий қисми бўлиб, барча кредиторларга қарзни қайси муддатда тўлашни кўрсатади. Кимга тегишли Бу режани қарздорнинг раҳбари, муассисалари ёки мол-мулк эгаси тайёрлайди ва кредиторлар йиғилиши тасдиқлайди. Аmalда Масалан, компания 100 млн сўм қарзга чалинган. Суд санацияси режасида компания 3 йилда ҳар йил 33 млн сўм тўлаш, ишчи жойларни сақлаш ва ишлаб чиқариш ошириш кўрсатилади. Кредиторлар йиғилиши бу режани тасдиқласа, компания режа бўйича қарзни тўлайди.

Izoh sun’iy intellekt tomonidan tayyorlangan, rasmiy sharh emas.

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.