«Таълим тўғрисида»ги қонун

34-modda. Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари

(34-модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 октябрдаги ЎРҚ-1091-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.10.2025 й., 03/25/1091/0969-сон)

Давлат таълим стандартлари умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим мазмуни ва сифатига оид талабларни белгилайди. Давлат таълим талаблари: қўшимча таълим, олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мазмунини; таълим тузилмасини ва таълимни амалга ошириш шартларини; таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий ва касбга оид сифатлари тўғрисидаги нормаларни белгилайди. Мактабгача таълим ташкилотларида мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандарти қўлланилади. Давлат таълим стандартларини ва (ёки) давлат таълим талабларини бажариш барча таълим ташкилотлари учун мажбурийдир, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Ўрта махсус, профессионал, олий таълим хизматларини кўрсатувчи ҳамда фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган нодавлат таълим ташкилотлари мустақил ишлаб чиқилган ва лицензияда ёки хабарномада кўрсатилган таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини амалга ошириши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги давлат таълим стандартлари, малака талаблари, олий таълим, ўрта махсус таълим ҳамда профессионал таълимнинг ўқув режалари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилишини таъминлайди. Ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таянч давлат олий таълим ва профессионал таълим ташкилотларини белгилайди. Таянч давлат олий таълим ва профессионал таълим муассасалари кадрларнинг талабгорлари иштирокида давлат таълим стандартларини, малака талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини тайёрлашни амалга оширади. Давлат таълим стандартлари касбий стандартлар асосида ишлаб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилишини таъминлайди. Олий, профессионал, ўрта махсус ва умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. Тегишли ваколатлар берилган бошқа вазирликлар ва идоралар давлат таълим стандартларини тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди. Давлат таълим талаблари таълим соҳасидаги тегишли ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахсларни ўқитиш махсус ўқув дастурлари асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги давлат олий таълим ташкилотларига мустақил ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурлари, малака талаблари ҳамда ўқув режалари асосида таълим хизматлари кўрсатиш бўйича ваколатларни бериши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.