Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат аккредитацияси — давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек нодавлат таълим ташкилотлари (бундан буён матнда таълим ташкилотлари деб юритилади) фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига ҳамда ўқув дастурларига мувофиқлигининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда уларнинг битирувчиларига маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқининг тақдим этилишидан иборат жараён;
давлат таълим муассасаси — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат мулки бўлган мол-мулк негизида ташкил этилган, давлат таълим стандартларига ва давлат таълим талабларига мувофиқ таълим берадиган муассаса;
давлат таълим стандартлари — давлат томонидан таълимнинг мазмуни ва сифатига нисбатан белгиланадиган талаблар мажмуи;
давлат таълим талаблари — таълимнинг тузилмасига, мазмунига ва уни амалга ошириш шарт-шароитларига, шунингдек таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий ҳамда касбий сифатларига қўйиладиган мажбурий талаблар;
комплекс давлат аккредитацияси — ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ва олий таълимдан кейинги таълимни, шунингдек кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш натижаларига асосланган жараён;
махсус давлат аккредитацияси — ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ва олий таълимдан кейинги таълимни, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида таълим дастурлари бўйича ўқув жараёни бошланишидан олдин амалга ошириладиган жараён;
малака — шахснинг касбий фаолиятнинг муайян турини бажаришга тайёргарлигини ифодалайдиган, маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжат билан тасдиқланадиган билим, қобилият, маҳорат ва кўникмалар даражаси;
мутахассислик — малака бериш билан якунланадиган муайян касбий тайёргарлик турининг номи;
нодавлат таълим ташкилоти — давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида ёки хабардор қилиш тартибида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;
тарбия — аниқ мақсадли ҳамда ижтимоий-тарихий тажриба асосида ёш авлодни ҳар томонлама камол топтиришга, уларнинг онгини, маънавий-ахлоқий қадриятлар ва дунёқарашини шакллантиришга қаратилган тизимли жараён;
таълим — таълим олувчиларга чуқур назарий билим, малакалар ва амалий кўникмалар беришга, шунингдек уларнинг умумтаълим ва касбий билим, малака ҳамда кўникмаларини шакллантиришга, қобилиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли жараён;
таълим дастури — давлат таълим стандартларига, касб стандартларига ва миллий (тармоқ) малака доирасига мувофиқ ишлаб чиқилган таълим стандартларидан, ўқув режаларидан, ўқув дастурларидан ва тегишли услубий кўрсатмалардан иборат норматив-услубий ҳужжатлар мажмуи;
таълим кампуси — ягона ҳудудда бирлаштирилган ўқув биноларини, илмий-тадқиқот институтларини (марказларини), ишлаб чиқариш мажмуалари ва технопаркларни, таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг вақтинча яшаш жойларини, лабораторияларни, ахборот-ресурс марказларини (кутубхоналарни), спорт иншоотларини, умумий овқатланиш объектларини ўз ичига олган бинолар ҳамда иншоотлар мажмуидан иборат бўлган, ўқув жараёни, маънавий-ахлоқий тарбиянинг юқори самарадорлигини таъминлайдиган таълим-тарбия муҳити;
таълим-тарбия жараёни иштирокчилари — таълим олувчилар, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари, педагог ходимлар ва уларнинг вакиллари;
таълим ташкилотлари аттестацияси — таълим ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатини аниқлаш бўйича давлат назоратининг асосий шакли;
халқаро аккредитация — таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятни амалга оширишга ваколат берилган ва халқаро аккредитация ташкилотларининг реестрига киритилган халқаро таълим сифатини таъминлаш тармоқларининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлган халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган жараён.
lex.uz’dagi asl matn«Таълим тўғрисида»ги қонун
3-modda. Асосий тушунчалар
(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 сентябрдаги ЎРҚ-957-сонли Қонунига асосан олтинчи ва еттинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.09.2024 й., 03/24/957/0689-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.