Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органларидир.
Таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:
таълим соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
таълим соҳасидаги тармоқ давлат дастурларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;
таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади;
давлат таълим стандартлари (шу жумладан мактабгача таълим ва тарбия давлат стандарти) ва давлат таълим талабларида кадрларнинг маълумоти даражасига ҳамда касбий тайёргарлиги сифатига қўйилган талабларнинг таълим ташкилотлари томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
давлат таълим стандартлари (шу жумладан мактабгача таълим ва тарбия давлат стандарти) ҳамда давлат таълим талаблари ишлаб чиқилишини таъминлайди ва уларни тасдиқлайди;
таълим олувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш тартибини белгилайди;
ўрта махсус таълим йўналишлари, профессионал таълимнинг касблар ва мутахассисликлари, олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, шунингдек билим соҳалари ва таълим соҳалари рўйхатини тасдиқлайди;
таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг илғор шакллари, янги педагогик технологиялар, ўқитишнинг техник ва ахборот воситалари жорий этилишини таъминлайди;
таълим ташкилотларида кадрларнинг касбий тайёргарлиги сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади, ўқув дастурларини такомиллаштиради;
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий жиҳатдан тайёрлаш сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
таълим ташкилотларини (бундан қўшимча таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотлари мустасно) аттестациядан ва давлат аккредитациясидан, комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан, шунингдек таълим ташкилотларининг педагог кадрларини аттестациядан ўтказади;
таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнининг сифати мониторингини амалга оширади;
мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва қўшимча таълим ташкилотларининг педагог ходимларига лавозимлар ва малака тоифаларини бериш жараёни устидан назоратни амалга оширади, шунингдек унда иштирок этади;
ўқув адабиётларини тайёрлаш ва нашр қилишни ташкил этади (бундан молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим ташкилотлари мустасно);
ўзлаштиришни баҳолашга, ўқув жараёнини, таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестациясини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлайди, шунингдек экстернат тартибида таълим олувчиларнинг тоифаларини белгилайди;
нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар беради, фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга оширадиган шахслардан хабарномалар қабул қилади ва уларнинг реестрини юритади;
таълим ташкилотларининг рейтингини аниқлайди;
давлат олий таълим ташкилотларининг ректорларини тайинлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог кадрларини тайёрлашни, қайта тайёрлашни ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
таълим ташкилотларида моддий-техника ресурсларидан фойдаланишга доир талабларни ишлаб чиқади;
ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларига нисбатан моддий-техник, инфратузилмавий ва параметрик талабларни белгилайди;
ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотлари учун дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ҳамда нашр этиш тартибини, шунингдек уларни етказиб беришга ва улардан таълим ташкилотларида фойдаланишга қўйиладиган талабларни белгилайди;
таълим тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишлари тўғрисида тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва таълим ташкилотларига тақдимномалар киритади;
таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахслар таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамда улар ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши тақиқланади.
lex.uz’dagi asl matn«Таълим тўғрисида»ги қонун
26-modda. Таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари
(26-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сонли Қонунига асосан ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1155/0616-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.