Сув кодекси

60-modda. Сув сервитути

Сув сервитути қуйидаги мақсадларда белгиланиши мумкин: сувдан умумий фойдаланиш; фуқаролар ва транспорт воситаларининг ўтиши; ҳайвонларни суғориш ва чорва молларини ҳайдаб ўтиш; сув объектларидан кичик ҳажмли кемалар учун сув йўллари сифатида фойдаланиш; соҳил бўйи зоналаридан эркин фойдаланишни, шу жумладан ундан ўтишни таъминлаш. Сув сервитути қонунчиликка мувофиқ бошқа мақсадларда ҳам белгиланиши мумкин. Сув сервитути оммавий сув сервитути ва хусусий сув сервитути шаклида бўлиши мумкин. Оммавий сув сервитути сувдан умумий фойдаланиш ҳуқуқига тенглаштирилади ҳамда давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, маҳаллий аҳолининг манфаатларини таъминлаш учун жамоат манфаатлари инобатга олинган ҳолда белгиланади. Хусусий сув сервитути танҳо фойдаланишга берилган сув объектларига нисбатан белгиланади. Оммавий сув сервитути сув объектларига ёки уларнинг қисмларига нисбатан, шу жумладан лотокли ва бошқа усти қопланган суғориш тармоғига нисбатан қўлланилади. Оммавий сув сервитути сув сервитутининг белгиланишига эҳтиёжи бўлган шахслар ҳамда сув объекти ёки унинг бир қисми ва соҳил бўйи минтақаси жойлашган ер участкасининг эгаси, ундан фойдаланувчи, унинг ижарачиси ўртасида келишув мавжудлиги-мавжуд эмаслигидан қатъи назар, агар ушбу шахслар бундай ҳуқуқдан ер участкаси бошқа шахсга мулк қилиб берилгунига қадар фойдаланган бўлса, белгиланади. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари оммавий сув сервитути белгиланишини таъминлаши шарт. Бошқа ҳолларда, сув сервитути кимларнинг манфаатларини кўзлаб сув сервитути белгиланаётган бўлса, ўша шахслар ҳамда сув объекти ёки унинг бир қисми жойлашган ер участкасининг эгаси, ундан фойдаланувчи, унинг ижарачиси ўртасидаги келишув бўйича, келишувга эришиш имкони бўлмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра белгиланади. Сув сервитутларининг режими сув фонди ерларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Сув сервитути сув объекти ёки унинг бир қисми жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқ бошқа шахсга ўтган тақдирда ҳам сақлаб қолинади. Сув сервитутларини амалга ошириш учун сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатномани олиш талаб этилмайди. Сув сервитутининг белгиланиши танҳо фойдаланиш учун берилган сув объекти эгасини ушбу сув объектига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Сув сервитути белгиланган сув объектининг эгаси, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, сув сервитути кимнинг манфаатларини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан ушбу сув объектидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир. Фуқаролик ва ер тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган сув сервитутлари ҳақидаги қоидалар сув сервитутларига нисбатан ушбу Кодекс талабларига зид бўлмаган қисмида қўлланилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.