«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун

62-modda. Суғурта сири

(62-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ 1154-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1154/0618-сон)

Суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар ва наф олувчилар тўғрисидаги, суғурта қилдирувчилар ҳамда суғурталанган шахслар соғлиғининг ҳолати, суғурталанган мол-мулк, суғурта суммаси ҳақидаги, банк ҳисобварақларининг мавжудлиги, ушбу ҳисобварақлардаги пул қолдиқлари ва пул ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинмайди. Суғурта фаолиятини амалга оширишнинг умумий шартлари, таклиф этилаётган суғурта битимлари ва операцияларининг рўйхати, суғурта тарифлари, суғурта турлари ҳамда муддатлари очиқ ахборот бўлиб, суғурта сири предмети бўлиши мумкин эмас. Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар суғурта қилдирувчининг, шунингдек суғурталанган шахсларнинг ва наф олувчиларнинг ўзига тааллуқли маълумотларга доир ёзма розилиги асосида учинчи шахсларга ошкор қилиниши мумкин. Суғурталовчилар транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш билан боғлиқ маълумотлар тўғрисидаги маълумотномаларни Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармасига суғурта қилдирувчининг розилигини олмаган ҳолда, белгиланган тартибда тақдим этади. Суғурталовчилар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар тўғрисидаги маълумотномаларни судга, прокурорга, қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда эса суриштирув ва тергов органларига, суднинг ундирувни суғурта қилдирувчининг мол-мулкига қаратиш ёки бу мол-мулкни хатлаш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлган тақдирда, давлат ижрочиларига, шунингдек қонунчиликка риоя этилиши юзасидан назорат қилиш мақсадида ваколатли давлат органига суғурта қилдирувчиларнинг розилигини олмаган ҳолда, белгиланган тартибда тақдим этади. Суғурталовчилар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маълумотлар тўғрисидаги маълумотномаларни, бундан суғурта қилдирувчилар ва суғурталанган шахслар соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги, банк ҳисобварақлари мавжудлиги, ушбу ҳисобварақлардаги пул қолдиқлари ва пул ҳаракати ҳақидаги маълумотлар мустасно, қонунчиликда мажбурий суғурта бўйича белгиланган мажбуриятларнинг суғурта қилдирувчилар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширувчи тегишли давлат бошқаруви органларига суғурта қилдирувчиларнинг розилигини олмаган ҳолда, белгиланган тартибда тақдим этади. Ваколатли давлат органи барча суғурта шартномаларини рўйхатга олувчи ва суғурта полисларини расмийлаштирувчи Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида суғурта сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлашни амалга оширади. Тузилган суғурта шартномалари ва амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномалар суғурта қилдирувчи жисмоний шахс вафот этган тақдирда қуйидагиларга берилади: суғурта қилдирувчи ўз васиятномасида кўрсатган шахсга; судга ва нотариусга — уларнинг иш юритувида бўлган меросга оид ишлар бўйича суднинг қарори ёки нотариуснинг ўз муҳри билан тасдиқланган ёзма сўрови асосида. Нотариуснинг ёзма сўровига суғурта қилдирувчи вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг кўчирма нусхаси илова қилинган бўлиши керак; консулга — унинг иш юритувида бўлган меросга оид ишлар юзасидан. Суғурталовчилар ва суғурта воситачилари пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотни «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ махсус ваколатли давлат органига қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда тақдим этади. Тузилган суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар қонунчиликда белгиланган тартибда кредит бюроларига тақдим этилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.