«Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун

20-modda. Аджастер

(20-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1154-сонли Қонунига асосан иккинчи қисми билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1154/0618-сон)

Аджастер суғурталовчининг, суғурта қилдирувчининг ва бошқа буюртмачининг топшириғи бўйича қуйидаги хизматларни кўрсатадиган, ўз штатида тегишли мутахассисларга эга бўлган юридик шахс ёки профессионал билим ва малакага эга бўлган жисмоний шахсдир: суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин суғурта объектини кўздан кечириш ва текшириш; суғурта ҳодисаси фактларини ва таваккалчилик ҳолатларини таҳлил қилиш; суғурта объектининг шикастланиш сабабларини ва суғурта ҳодисаси мавжудлигини аниқлаш; суғурта ҳодисаси мавжуд бўлган тақдирда — суғурта ҳодисаси оқибатида вужудга келган шикастланиш даражасини ва зарар миқдорини аниқлаш; тўланиши лозим бўлган суғурта товони (суғурта тўлови) суммасини аниқлаш; суғурта ҳодисаси бўйича хулоса тузиш. Аджастер ўз фаолиятини ваколатли давлат органини хабардор қилган ҳолда бошлайди ва тугатади. Аджастернинг хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятининг талаблари ва шартлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланади. Аджастер ўз фаолиятини суғурталовчи, суғурта қилдирувчи ва бошқа буюртмачи билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширади. Аджастер: суғурталовчи сифатида суғурта ва қайта суғурта операцияларини ўтказишга; суғурта бўйича воситачилик фаолиятини амалга оширишга; суғурталовчиларнинг устав фондларида (устав капиталларида) иштирок этишга; суғурта қилдирувчининг вакили сифатида суғурта товони (суғурта тўлови) суммасини олишга ҳақли эмас. Аджастер хизмати кўрсатиш натижалари ҳисобот тарзида расмийлаштирилиб, суғурталовчи ундан зарарларнинг ўрнини қоплаш ва низоларни ҳал қилиш чоғида фойдаланиши мумкин. Аджастернинг ҳисоботидаги хулосалар мустақил суғурта экспертизаси жараёнида қайта кўриб чиқилиши мумкин.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.