Soliq kodeksi

94-modda. Жисмоний шахс вафот этган ёки у вафот этган деб эълон қилинган тақдирда солиқ мажбуриятини бажариш

(94-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)

Солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни лозим даражада бажармаганлик учун унга ҳисобланган пенялар ва жарималар суммаси ундирилиши умидсиз суммалар деб эътироф этилади. Ушбу жисмоний шахснинг солиқлар бўйича узилмай қолган қарзи вафот этган шахснинг мерос қилиб олинадиган мол-мулкини мерос қилиб олиш тартибида қабул қилиб олган унинг меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида ва унинг (уларнинг) меросдаги улушига мутаносиб равишда, ушбу модданинг қоидаларини инобатга олган ҳолда узилади. Агар вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар бўйича солиқ қарзи мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлса, солиқ қарзининг мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ суммаси ундирилиши умидсиз сумма деб эътироф этилади. Мазкур норма меросхўр (меросхўрлар) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолларда қўлланилади. Меросхўр бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилади. Умидсиз солиқ қарзи солиқ органлари томонидан ҳисобдан чиқарилиши лозим. Солиқ қарзи бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, мазкур жисмоний шахс ҳисобга қўйилган жойдаги ва (ёки) унинг мол-мулки турган жойдаги солиқ органи вафот этган шахснинг меросхўри (меросхўрлари) тўғрисида ахборот олинган пайтдан эътиборан бир ой ичида унга (уларга) солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисида хабар қилиши шарт. Вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри (меросхўрлари) мазкур жисмоний шахснинг солиқлар бўйича қолган қарзини мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай узиши шарт. Солиқ органининг қарорига биноан узиш муддати, агар солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисидаги хабарни меросхўр (меросхўрлар) тўлаш муддати ўтишига олти ойдан кам вақт қолганида олган бўлса, узайтирилиши мумкин. Вафот этган жисмоний шахснинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаш бўйича қарзи умидсиз қарз деб эътироф этилади. Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар фуқаролик қонунчилигида белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзига нисбатан ҳам қўлланилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.