Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда белгиланади. Бунда ҳисоб сиёсати ихтиёрий шаклда тасдиқланади ва унда қуйидагилар акс эттирилиши керак:
1) агар солиқ тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган солиқ регистрларининг шакли ва уларни тузиш тартиби;
2) унга риоя этилиши устидан масъул мансабдор шахслар;
3) солиқ солиш мақсадларида алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби, агар бундай ҳисоб юритиш мажбурияти ушбу Кодексда назарда тутилган бўлса;
4) солиқ тўловчи томонидан фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида сарфларни харажатлар сирасига киритиш, шунингдек қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишнинг танланган усуллари;
5) хеджирланадиган таваккалчиликларни, хеджирланадиган моддаларни ва уларга нисбатан қўлланиладиган хеджирлаш воситаларини аниқлаш сиёсати, хеджирлаш операциялари, шунингдек бошқа молиявий таваккалчиликлар амалга оширилган тақдирда хеджирлаш самарадорлиги даражасини баҳолаш услубияти;
6) активларнинг ҳар бир гуруҳи ва кичик гуруҳи бўйича амортизация нормалари (ҳисоблаш усуллари);
7) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ исломий молия фаолиятидан ва исломий қимматли қоғозлардан олинган даромадларнинг алоҳида ҳисобини юритиш тартиби.
Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ва (ёки) унга қўшимчалар киритиш солиқ тўловчи томонидан қуйидаги усуллардан бири ёрдамида амалга оширилади:
1) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган янги ҳисоб сиёсатини ёки унинг янги бўлимини тасдиқлаш;
2) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган амалдаги ҳисоб сиёсатига ёки амалдаги ҳисоб сиёсатининг бўлимига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш.
Ҳисоб сиёсатини шакллантиришда солиқ тўловчи томонидан солиқ солиш мақсадларида танланган ҳисоб юритиш усуллари тегишли ҳисоб сиёсати тасдиқланган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан қўлланилади.
Янги ташкил этилган юридик шахс ёки чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси солиқ солиш мақсадларида ҳисоб юритиш усуллари тўғрисидаги қарорни ўзи ташкил этилгандан кейинги биринчи ҳисобот даври давомида қабул қилади.
Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати календарь йил давомида ўзгартирилмайди. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ёхуд солиқ солиш шартларига ўзгартириш киритилганда ва фақат ушбу ўзгартиришлар тааллуқли бўлган қисмида солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида ўзгартиришлар қилишга йўл қўйилади.
lex.uz’dagi asl matnSoliq kodeksi
77-modda. Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсати
(77-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ-1126-сонли Қонунига асосан 7-банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.03.2026 й., 03/26/1126/0279-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 29 июнь)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.