Soliq kodeksi

75-modda. Солиқ имтиёзлари

(75-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқ имтиёзлари деб эътироф этилади. Солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилиши солиқ имтиёзлари ҳисобланмайди. Агар ушбу модданинг бешинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ имтиёзлари ушбу Кодекс билан тақдим этилади. Солиқ имтиёзлари индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин эмас. Айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда ва (ёки) реализация қилинганда акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан, фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари, ушбу модданинг еттинчи қисми қоидаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ва кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Фойда солиғи бўйича солиқ имтиёзлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан, фақат амортизация қилинадиган асосий воситаларни тезлаштирилган амортизация қилиш ҳуқуқини бериш тарзида, уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар солиқлар бўйича имтиёзлардан тегишли ҳуқуқий асослар юзага келган пайтдан эътиборан уларнинг бутун амал қилиш даври мобайнида фойдаланишга ёки солиқ имтиёзидан фойдаланишдан воз кечишга ёхуд ундан фойдаланишни бир ёки бир неча солиқ даврларида тўхтатиб туришга ҳақли, бундан қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш мустасно. Солиқлар бўйича имтиёзлар солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириши шарти билан берилиши мумкин. Бундай маблағлар мақсадли ишлатилмаган тақдирда мақсадсиз ишлатилган маблағлар суммаси белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундирилиши лозим. Солиқлар бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган ва мазкур имтиёзларнинг амал қилиш даврида фойдаланилмаган маблағлар суммаси берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бир йил давомида уларни тақдим этишда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин. Бунда белгиланган муддатда фойдаланилмаган маблағлар бюджетга ўтказилиши лозим. Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан, берилиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бош бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг муассасалари, шунингдек Омонатларни кафолатлаш агентлиги ушбу Кодексда назарда тутилган солиқларни тўлашдан озод этилади, бундан ижтимоий солиқ ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига товарларни олиб киришда (импортида) тўланадиган қўшилган қиймат солиғи мустасно. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари туристик зоналарда жойлашган алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш ёки солиқ тўлашдан озод қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу Кодекснинг 483-моддасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларига эга бўлган солиқ тўловчилар мазкур солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг бир фоизи миқдорида тўлайди. Солиқ имтиёзларини ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ва солиқ имтиёзларининг ҳар бир турига махсус идентификация кодини берган ҳолда амалга оширилади. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича берилган солиқ имтиёзлари жорий солиқ даврида солиқ тўловчилар томонидан ўтган календарь йил якунлари бўйича қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда қўлланилади: товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромад юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва (ёки) юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича фойдаланилган солиқ имтиёзининг суммасидан ошганда; ҳар бир ходимга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи ҳисобланганда ва ходимларнинг йиллик ўртача сони камида уч нафарни ташкил этганда. Ушбу модданинг ўн тўртинчи қисмида назарда тутилган шартларни аниқлашда: солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботлари; солиқ даври якунлари бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддати етиб келмаган тақдирда, охирги ўн икки ойда товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма инобатга олинади. Ушбу модданинг ўн тўртинчи қисмида назарда тутилган шартлар қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди: тўғридан-тўғри хусусий чет эл инвестициялари иштирокидаги юридик шахсларга; маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига; нотижорат ташкилотларга ва бюджет ташкилотларига; ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган ва ходимларининг умумий сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50 фоизни ташкил этадиган ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахсларга; 2026 йил 1 январга қадар махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомини олган юридик шахсларга. Солиқ даври давомида янги ташкил этилган солиқ тўловчиларга, шу жумладан янги тақдим этилган солиқ имтиёзларига нисбатан ушбу модданинг ўн тўртинчи қисми қоидалари кейинги солиқ даври якунлари бўйича қўлланилади, бундан қайта ташкил этилган юридик шахслар мустасно.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.