Soliq kodeksi

462-modda. Айланмадан олинадиган солиқни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари

(462-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-1108-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 03/25/1108/1217-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)

Ушбу Кодекснинг 461-моддаси биринчи қисми 1-бандида кўрсатилган солиқ тўловчилар қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлаш ўрнига айланмадан олинадиган солиқ (бундан буён ушбу бўлимда солиқ деб юритилади) тўлашни назарда тутадиган махсус солиқ режимини танлашга ҳақли. Ушбу Кодекснинг 461-моддаси биринчи қисми 1-бандида кўрсатилган солиқ тўловчилар айланмадан олинадиган солиқ тўлашга навбатдаги солиқ давридан бошлаб ўтишга ҳақли. Айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчилар айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиши тўғрисида солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органини Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда, бироқ айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтилаётган навбатдаги солиқ даври бошланишига қадар ўн кундан кечиктирмай хабардор қилади. Ушбу Кодекс 461-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида кўрсатилган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ўрнига қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақли. Янги ташкил этилган юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан тадбиркорлик фаолияти субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида танланган солиқ солиш тартибини кўрсатиш орқали айланмадан олинадиган солиқни тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар айланмадан олинадиган солиқни қўллашни ушбу Кодекснинг 237-моддасига мувофиқ қўшилган қиймат солиғини тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ва бир вақтнинг ўзида айланмадан олинадиган солиқни тўлашни рад этишга доир ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ихтиёрий равишда рад этишга ҳақли. Қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий равишда ўтган солиқ тўловчилар, башарти жорий солиқ даври якунлари бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган жами даромадлари бир миллиард сўмдан ошмаган бўлса, айланмадан олинадиган солиқни тўлашга камида ўн икки ойдан кейин қайта ўтишга ҳақли. Солиқ даври давомида жами даромади бир миллиард сўмдан ошган солиқ тўловчилар, шу жумладан янги ташкил этилган юридик шахслар ва янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар жами даромади кўрсатилган миқдорга етган кундан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Агар янги ташкил этилган юридик шахснинг жами даромад суммаси, янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорда ёки ўзини ўзи банд қилган шахсда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси бир миллиард сўм уч юз олтмиш бешга бўлинган ва солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирилгандаги суммадан ошса, у ҳолда бундай шахслар рўйхатдан ўтилган йилдан кейинги йилдан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Воситачилик, топшириқ шартномаси ва воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатувчи солиқ тўловчилар, шу жумладан телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадни реализация қилиш бўйича умумий айланмадан (битим суммаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқлайди. Бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахслар, уларни самарасиз фойдаланаётганлиги бўйича хулоса чиқарилган ойдан кейинги ойнинг санасидан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари бўлган юридик шахслар, инвестицион лойиҳанинг амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса беришга ваколати бўлган ваколатли органнинг хулосаси чиқарилган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобидан объектлар қурилишини (бундан жорий ва капитал таъмирлаш мустасно) бажарувчи юридик шахслар бундай қурилишга доир шартнома тузилган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб киришни (импортни) амалга оширувчи юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар қайси сана олдинроқ келишига қараб импорт шартномаси тузилган ёки товарлар олиб кирилган (импорт қилинган) санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади. Ушбу Кодекс 461-моддаси иккинчи қисмининг 2, 4, 5, 9 ва 11-бандларида назарда тутилган шахслар тегишли рухсатномаларни (лицензияларни) олган ёки ўз фаолиятини бошлаганлиги тўғрисида ваколатли органни хабардор қилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади. Қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчи юридик шахсларда йигирма беш гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экинлари мавжуд бўлган тақдирда, улар кўрсатилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни ёки ушбу ер участкасининг майдони ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Оддий ширкат ишларини юритиш ўз зиммасига юклатилган ишончли шахс бўлган оддий ширкат иштирокчиси оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича оддий шериклик шартномаси тузилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Бозорлар ва савдо комплекслари, нотижорат ташкилотлари давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан, бюджет ташкилотлари эса ташкил топган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади. Аудиторлик ташкилотлари аудиторлик хизматлари кўрсатиш учун шартнома тузилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади. Солиқни тўлаш солиқ тўловчини қуйидагилардан озод этмайди: ушбу Кодекс билан унинг зиммасига юклатилган солиқ агентининг мажбуриятларини бажаришдан; агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳисобварақ-фактура тақдим этиш, харидларни ҳисобга олиш китобини ва сотишларни ҳисобга олиш китобини юритиш мажбуриятидан. Ўзини ўзи банд қилган шахслар солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади бир миллиард сўмдан ошган ёки қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий тартибда ўтганидан эътиборан солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ушбу Кодексга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда тўлайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.