Soliq kodeksi

460-modda. Йиғимларни тўлаш тартиби

(460-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 16 майдаги ЎРҚ-1063-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.05.2025 й., 03/25/1063/0445-сон)

Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғим чет давлатнинг автотранспорт воситаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кираётганда ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида ундирилади. Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғим қонунчиликда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва ҳудудий транспорт бошқармалари томонидан ундирилади. Бунда тўланган йиғим юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларига автомобиль йўллари бўйлаб бир йил давомида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Ушбу Кодекс 455-моддасининг 2, 3 ва 4-бандларида назарда тутилган йиғимлар алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш бошланганлиги тўғрисида тегишинча хабарнома юборилган пайтдан эътиборан тўланади. Бунда хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасига қадар юборилганда йиғим мазкур ой учун тўлиқ ҳажмда, хабарнома жорий ойнинг йигирманчи санасидан кейин юборилганда эса кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисоблаб чиқарилади. Агар алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналари томонидан реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш бир нечта стационар савдо ва (ёки) умумий овқатланиш пунктлари орқали амалга оширилса, алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулоти билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимлар белгиланган ставкалар доирасида стационар савдо ва (ёки) умумий овқатланиш пунктларининг сонига, шунингдек уларнинг ҳар бири жойлашган ҳудуд ўлчамларига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ундирилади. Алкоголь маҳсулотлари ёки пиво ва пиво ичимликлари ёхуд тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш фаолияти тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда йиғимни ҳисоблаб чиқариш кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатиб турилади. Алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ҳар ойда олдиндан тўлов тарзида, жорий ойнинг ўнинчи санасига қадар тўланади. Алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш, пиво ва пиво ичимликлари билан чакана савдо қилиш ёки тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун ундириладиган йиғимлар қонунчиликда белгиланган тартибда тақсимланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.