Ер участкаларидан фойдаланишга доир шаҳарсозлик талаблари аҳоли пунктларининг бош режалари, батафсил режалаштириш лойиҳалари, қуриш лойиҳалари ва қоидалари билан белгиланади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ер участкалари берилаётганда юридик ва жисмоний шахсларни ер участкаларидан фойдаланишга доир шаҳарсозлик талаблари тўғрисидаги ахборот билан таъминлайди.
Юридик ва жисмоний шахсларга қуриш учун ер участкалари берилаётганда (реализация қилинаётганда) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига нисбатан қуйидаги шаҳарсозлик талаблари ва ер участкасини сақлаш вазифалари белгиланиши мумкин:
махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилган архитектура-режалаштириш топшириғига биноан ҳудудни қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича;
қурилишга туташ бўлган умумий фойдаланишдаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича;
объектлар қурилишини бошлаш ва тамомлаш муддатларига риоя этиш бўйича.
Объект қурилиши қурилиш бошланган санадан эътиборан икки йил ичида ёки шаҳарсозлик ҳужжатларида белгиланган муддатларда тугалланмаган тақдирда, объект тугалланмаган деб ҳисобланади.
Янги қурилиш мазкур қурилиш ҳудуди аҳолисининг тегишли хизматлар билан таъминланиши шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида назарда тутилган нормалардан пасайишига олиб келадиган бўлса, юридик ва жисмоний шахсларга ер участкалари улар муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмаларнинг қўшимча объектларини қуришда улушли иштирок этганда берилиши (реализация қилиниши) мумкин.
Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган талаблар ва ер участкасини сақлаш вазифалари ер участкасига бўлган ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтган тақдирда сақланиб қолади.
Ушбу модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлари якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган (реализация қилинган) ер участкаларида амалга ошириладиган қурилишга нисбатан қўлланилмайди.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
ҳудудий зонанинг қуриш қоидаларида белгиланган коди;
доирасида ер участкаси жойлашган ҳудудий зонанинг функционал мақсади;
ер участкаси ёки унинг қисми маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш зоналарининг, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ва сувни муҳофаза қилиш зоналарининг чегараларида, шунингдек табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг таъсирига дучор бўлган ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг ҳамда фойдаланилишига қонунда чекловлар белгиланадиган бошқа ҳудудларнинг чегараларида жойлашганлиги;
ер участкаси чегараларида муҳандислик, транспортга оид ва ижтимоий инфратузилмалар объектларининг мавжудлиги ушбу объектларнинг кўрсаткичлари ва улардан фойдаланишга доир чекловлар кўрсатилган ҳолда;
ер участкаси чегараларида ер участкасининг мулкдорига, эгасига ёки бу участкадан фойдаланувчига тегишли бўлмаган бинолар ва иншоотларнинг мавжудлиги ушбу ер участкасида кўрсатиб ўтилган объектлар жойлашганлиги муносабати билан ундан фойдаланишга доир чекловлар кўрсатилган ҳолда.
Ер участкалари бўлиб берилаётганда ёки уларнинг чегаралари ва кўрсаткичлари ўзгарганда қизил чизиқларга, қуришни тартибга солиш чизиқларига ҳамда шаҳарсозлик регламентларининг энг кичик ўлчамдаги ер участкаларига доир талабларига риоя этилади.
Ер участкалари ҳамда уларда жойлашган бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар бўлинган тақдирда уларнинг қисмлари мустақил объектлар сифатида ишлаб туриши учун шарт-шароитлар таъминланиши керак.
lex.uz’dagi asl matn79-modda. Аҳоли пунктларида ер участкаларидан фойдаланишга доир шаҳарсозлик талаблари
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.