Шаҳарсозлик кодекси

45-modda. Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, келишиб олиш ва тасдиқлаш

(45-модда учинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-960-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.09.2024 й., 03/24/960/0699-сон)

Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлаб чиқувчилар томонидан шартнома, буюртмачи томонидан бериладиган лойиҳалаштириш топшириғи, бошланғич-рухсат берувчи ҳужжатлар ва муҳандислик-техник қидирувлар натижалари асосида амалга оширилади. Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга доир топшириқлар қуйидагилар билан келишиб олиниши лозим: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ижро этувчи ҳокимият органлари, тегишли вазирликлар, идоралар билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича; туманлар ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 2 — 4-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича; махсус ваколатли давлат органи билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 — 3-бандларида, 4-бандида (уларнинг ишлаб чиқилиши бюджет тизимининг бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилганда), 5-бандида (бюджет тизимининг бюджетлар маблағлари ҳамда ҳукумат кафолати остида молиялаштириладиган ноёб ва алоҳида муҳим давлат аҳамиятига молик объектлар бўйича) назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича; махсус ваколатли давлат органининг ҳудудий бўлинмалари билан — ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 4-5-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича (уларнинг ишлаб чиқилиши бюджет тизимининг бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилганда). Шаҳарсозлик ҳужжатлари қуйидагилар билан келишиб олиниши лозим: ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 1 — 3-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари тегишли вазирликлар, идоралар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан; ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 2 — 4-бандларида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари тегишли вазирликлар, идораларнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан. Шаҳарсозлик ҳужжатларини келишиб олиш муддати бир ойдан ошмаслиги керак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва махсус ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шаҳарсозлик ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишиб олиниши лозим. Ушбу Кодекс 44-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган шаҳарсозлик ҳужжатлари санитария-эпидемиология хизматлари ва давлат ёнғин назорати органлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари билан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса улар ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари билан келишилади. Шаҳарсозлик ҳужжатлари ушбу Кодексда белгиланган ваколатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, махсус ваколатли давлат органи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, буюртмачи томонидан тасдиқланади. Тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига ўзгартиришлар ушбу ҳужжатларни тасдиқлаган органнинг ёки буюртмачининг қарорига биноан киритилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.