«Рақобат тўғрисида»ги қонун

8-modda. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш

Ваколатли давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолайди, шунингдек товар ёки молия бозорида рақобатни бевосита ёхуд билвосита чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган нормаларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқади. Рақобатга таъсирни баҳолаш учун ваколатли давлат органига қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари киритилади: хўжалик юритувчи субъектлар учун янги чекловлар, лицензияларнинг, рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турлари жорий этилишини ёки амалдаги чекловлар, рухсат бериш тартиб-таомиллари, фаолиятнинг лицензияланадиган турлари бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига нисбатан татбиқ этилишини; лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартлар жорий этилишини; юридик шахслар устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорига доир талаблар оширилишини; хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқлари чекланишини (камайтирилишини) ёки улар учун қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий этилишини; хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳар қандай турдаги имтиёзлар, кафолатлар, преференциялар белгиланишини, шунингдек уларга янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқлар берилишини. Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари фақат ваколатли давлат органининг уларнинг рақобатга таъсирини баҳолаш натижалари бўйича хулосалари мавжуд бўлган тақдирда, белгиланган тартибда қабул қилинади. Ваколатли давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш натижалари бўйича ишлаб чиқилган ҳисоботларни кўриб чиқади. Ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий органлари амалдаги қонунчилик ҳужжатларини ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларни уларнинг рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ўрганишдан ўтказади. Ўрганиш ваколатли давлат органининг ташаббусига кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига, жамоатчилик назорати субъектларининг таклифлари ва тавсияларига, шунингдек оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материалларни ўрганиш натижаларига асосан ўтказилади. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлган қонунчилик ҳужжатлари аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи: Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари юзасидан — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда таклифлар киритади; бошқа давлат органлари (бундан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мустасно) томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари юзасидан — рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини белгиланган муддатларда бартараф этиш тўғрисида уларга тақдимнома киритади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ва рақобат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлган қонунчилик ҳужжатлари аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органи рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишларини белгиланган муддатларда бартараф этиш тўғрисида уларга тақдимнома киритади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби қонунчиликда белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.