«Рақобат тўғрисида»ги қонун

22-modda. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, юридик шахсларнинг бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар қабул қилинишини ҳамда ҳаракатлар амалга оширилишини (ҳаракатсизликни) тақиқлаш

(22-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 июндаги ЎРҚ-1070-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2025 й., 03/25/1070/0536-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 25 сентябрь)

Республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга, юридик шахсларнинг бирлашмаларига товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келувчи ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда ҳаракатларни амалга ошириш (ҳаракатсизлик), шу жумладан қуйидагилар тақиқланади: фаолиятнинг бирон-бир соҳасида янги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга, фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга ёки муайян товарларни ишлаб чиқаришга нисбатан тақиқ белгилаш ёки чекловлар жорий этиш; хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорига киришини чеклаш ёки уларни ундан чиқариб юбориш; шартномалар тузишда устунлик бериш, сотиб олувчиларнинг муайян доирасига товарларни биринчи навбатда реализация қилиш, молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериш; хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш, шу жумладан товарларга ёки хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилмаган талабларни белгилаш йўли билан тўсқинлик қилиш; товарларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини қонунга хилоф равишда чеклаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг товарларни ёки бошқа фуқаролик ҳуқуқлари объектларини тасарруф этиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқларига нисбатан тақиқлар ёки чекловлар белгилаш; хўжалик юритувчи субъектларга товарларни сотиб олиш тўғрисида кўрсатмалар бериш ёки товарларни сотиб олувчиларга бундай товарларни реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларни тиқиштириш ёхуд ушбу субъектларни танлашда чекловлар белгилаш; хўжалик юритувчи субъектларга ахборотдан ўз рақобатчиларининг товар ёки молия бозорида камситилишига олиб келиши мумкин бўлган тарзда устувор фойдаланиш имкониятини бериш; айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар, енгилликлар ва эксклюзив ҳуқуқларни асоссиз равишда бериш; хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно; хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятига оқибатда рақобат чекланиши мумкин бўлган тарзда аралашиш; республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг вазифаларини хўжалик юритувчи субъектларнинг вазифалари билан қўшиб бажариш, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно; айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шарт-шароитлар яратиш. Алоҳида ҳолларда, табиий офатлар, ҳалокатларнинг оқибатларини тугатиш ва эпидемияларнинг олдини олиш мақсадида ҳамда фавқулодда вазиятлар даврида, шунингдек банкларни санация қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиши ва ҳаракатларни амалга ошириши мумкин. Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, юридик шахслар бирлашмаларининг товар ёки молия бозорида нархларни сунъий равишда оширишга, пасайтиришга, сақлаб туришга олиб келадиган ҳаракатларига йўл қўйилмайди.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.