«Қурол тўғрисида»ги қонун

26-modda. Фуқаровий ва хизмат қуролининг қўлланилиши

Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида ўз ҳаёти ва соғлиғини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкни ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаши мумкин. Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилишидан аввал бу ҳақда ўзига қарши қурол қўлланилаётган шахс аниқ ифодаланган тарзда огоҳлантирилиши керак, бундан шундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд қуролнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва қурол эгасининг ҳаётига бевосита хавф туғдирадиган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно. Бунда зарурий мудофаа ҳолатида қуролнинг қўлланилиши учинчи шахсларга зарар етказмаслиги керак. Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан фуқаровий ва хизмат қуролини қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно. Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилган, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишига олиб келган ҳар бир ҳолат тўғрисида қурол эгаси қурол қўлланилган жойдаги ички ишлар органига дарҳол хабар қилиши шарт. Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг соғлиғига зарар етказилган тақдирда, мазкур қурол эгаси баданига шикаст етган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиши, шунингдек уларга имкон қадар қисқа муддатда биринчи тиббий ёрдам берилиши чораларини кўриши шарт. Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ҳамда мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органлари дарҳол прокурорга хабар қилади. Фуқаровий қуролни ов ва спорт билан шуғулланиш учун қўллаш, шунингдек хизмат қуролини қўллаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.