«Қурол тўғрисида»ги қонун

21-modda. Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш

(21-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 31 майдаги ЎРҚ-772-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.06.2022 й., 03/22/772/0460-сон — 2022 йил 2 сентябрдан кучга киради)

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари, фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ички ишлар органларининг қуролни сақлашга ёки сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномалари асосида фуқаровий ҳамда хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини сақлаш ҳуқуқига эга. Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари уларнинг бут сақланишини, хавфсиз сақланишини таъминлайдиган ҳамда улардан бегона шахслар фойдаланишини истисно этадиган шароитларда, қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда сақланиши керак. Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш юридик шахслар томонидан алоҳида ажратилган, махсус жиҳозланган ва техник жиҳатдан мустаҳкамланган, қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси, қўриқлаш ва жисмоний ҳимоянинг бошқа техник воситалари билан жиҳозланган қуролхоналардаги қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда амалга оширилади. Спорт ўқотар қуролини ва унинг ўқ-дориларини, шу жумладан сойли стволли спорт қуролини ёки оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик спорт қуролини, шунингдек тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини сақлаш спорт объектлари ҳудудида жиҳозланган қуролхоналардаги қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда амалга оширилади. Фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлаш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан уларнинг доимий яшаш жойида амалга оширилади. Ов ёки отиш спорти билан шуғулланишни амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлаш бегона шахсларнинг қуролдан фойдаланишини истисно этадиган шартларга риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак. Чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш даврида олинган фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлашга фуқаровий қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари олингандан кейин беш кун мобайнида рухсат этилади. Чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ов қилиш, спорт тадбирларида иштирок этиш ёки кўргазмага қўйиш мақсадларида олиб кирилган фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини вақтинча сақлаш чет эл фуқароларига таклифномани расмийлаштирган юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзи топиб олган ёки ўзига топширилган, лекин ўзи мулкдори бўлмаган қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаши ва улардан фойдаланиши тақиқланади. Бундай қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари дарҳол, бироқ бир суткадан кечиктирмай ички ишлар органларига топширилиши лозим. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини ўз ихтиёри билан топширганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдирлаш чоралари белгиланиши мумкин. Ўқотар қуролни ва унинг ўқ-дориларини ихтиёрий тартибда топширган шахсларга уни олиш бўйича имтиёзли ҳуқуқ берилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.