Жабрланувчиларга зарар етказилишига олиб келган йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) мазкур ҳодисанинг бошқа иштирокчилари талабига кўра уларга ушбу транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган мажбурий суғурта шартномаси тўғрисидаги маълумотларни хабар қилиши шарт.
Суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) ёки унинг вакили суғурта ҳодисаси содир бўлганда:
жабрланувчига (унинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига) уч календарь кундан кечиктирмай суғурта полисининг нусхасини топшириши;
дарҳол, лекин мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган муддатдан кечиктирмай, содир бўлган ҳодиса ҳақида ёзма шаклда, суғурта полисининг нусхасини илова қилган ҳолда суғурталовчига ёки унинг филиалига ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига билдириши. Билдиришномада ҳодисанинг хусусияти, содир бўлган пайти, кўрилиши тахмин қилинган зарарнинг миқдори, йўл-транспорт ҳодисасига алоқадор барча шахсларнинг, шу жумладан тахмин қилинган даъвогарларнинг номлари ва манзилларига тааллуқли ахборот имкон қадар тўлиқ ҳажмда, шунингдек суғурта қилдирувчи ҳодиса ҳақида илк маротаба қай тарзда хабардор бўлганлиги ва суғурта қилдирувчининг нега ҳодисани талабнома билдиришга сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблашига оид тафсилотлар мажбурий тартибда кўрсатилиши керак;
суғурталовчига суғурта ҳодисаси муносабати билан унга нисбатан қўйилаётган барча талаблар ёки унга қарши бошланган суд муҳокамаси тўғрисида дарҳол хабар қилиши, зарар етказилиши ҳолатлари тўғрисидаги барча маълумотларни ва ваколатли органлардан олинган, суғурта ҳодисасининг сабаблари ҳамда оқибатларини, зарарнинг хусусияти ва миқдорини белгилаш учун зарур бўлган ҳужжатларни суғурталовчига тақдим этиши;
йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузилган вақтдан эътиборан уч иш куни ичида мазкур хабарномани ушбу Қонун 20²-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган материаллар ва ҳужжатларни илова қилган ҳолда суғурталовчига тақдим этиши;
зарарнинг олдини олиш ва (ёки) камайтириш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриши керак.
Агар жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) суғурта тўловига бўлган ўз ҳуқуқидан фойдаланиш ниятида бўлса, у суғурталовчига ўз ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини суғурта суммаси доирасида қоплаш тўғрисидаги талаб билан ёзма ариза юбориши шарт.
Жабрланувчининг ёки унинг меросхўрларининг (агар жабрланувчининг аҳволи мустақил равишда мурожаат қилишга имкон бермаса, қариндошлари ёки бошқа вакилларининг) ёхуд унинг ҳуқуқий ворисларининг суғурта тўлови тўғрисидаги талаби кўрсатилган аризаси қуйидагиларнинг асли ёки нусхалари илова қилинган ҳолда суғурталовчига ёки унинг филиалига юборилади:
суғурта полиси (агар бўлса);
зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хулоса ёки қарор, тиббиёт муассасаси маълумотномаси ёхуд ҳаёт ёки соғлиққа зарар етказилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, ўлим ҳақидаги далолатнома ёхуд гувоҳнома);
мол-мулкка зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (тижорат далолатномалари, юк хатлари, асосий воситалар дафтаридан кўчирмалар, тўлов ҳужжатлари, хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш учун тузилган шартномалар, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ва бошқа шу кабилар);
жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни олганликларини, шунингдек меросхўрларнинг шахсини ёки ҳуқуқий ворисларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар суғурта товони жабрланувчининг меросхўрларига ёхуд ҳуқуқий ворисларига тўланиши керак бўлса).
Агар фойдаланилаётганда жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказган транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанмаган ёки эгаси номаълум бўлса, жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда компенсация тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу Қонуннинг жабрланувчиларга тааллуқли қоидалари боқувчисининг вафоти натижасида зарар кўрган шахсларга, жабрланувчиларнинг меросхўрларига ҳамда фуқаролик қонунчилигига мувофиқ бошқа шахслар томонидан транспорт воситаларидан фойдаланишда жабрланувчига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлган ўзга шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
lex.uz’dagi asl matn«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун
19-modda. Суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчиларнинг (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларининг) ҳаракатлари
(19-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1154-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 03/26/1154/0618-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.