«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун

3-modda. Асосий тушунчалар

(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-955-сонли Қонунига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.09.2024 й., 03/24/955/0688-сон)

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: мулоқот — тиллардан, матнлардан, Брайль алифбосидан, тактил мулоқотдан, йирик шрифтдан, қулай мультимедиа воситаларидан, худди шунингдек босма материаллардан, аудиовоситалардан, одатий тилдан, шунингдек мулоқотнинг кучайтирувчи ва муқобил усуллари, воситалари ҳамда шаклларидан, шу жумладан қулай ахборот-коммуникация технологиясидан фойдаланиш; ногиронлик белгисига кўра камситиш — мақсади ёки натижаси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаровий соҳада ёки бошқа соҳада ўзгалар билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенг ҳуқуқ ва эркинликларини эътироф этишни ёки рўёбга чиқаришни инкор қилишдан иборат бўлган, ногиронлик сабабли ҳар қандай ажратиб қўйиш, истисно этиш, четлатиш, чеклаш; ногиронлиги бўлган болалар (бола) — барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари туфайли ҳаётий фаолияти чекланганлиги муносабати билан давлат ва жамият томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилишига ҳамда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар; ногиронлиги бўлган шахс — ижтимоий ёрдам ва ҳимояга, жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бошқалар билан бирга тенг тўлиқ ва самарали иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратилишига муҳтож барқарор жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахс; ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш — ҳаёт фаолиятига доир чекловларни енгиб ўтиш, уларнинг ўрнини қоплаш (компенсация қилиш) учун ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитларни таъминлайдиган ҳамда уларга жамият ва давлат ҳаётида иштирок этишнинг бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими; ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари — ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиш имкониятларини таъминлаш мақсадида тузилган нодавлат нотижорат ташкилотлари; оқилона мослаштириш — ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқалар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириши учун аниқ бир ҳолатда тузатишлар киритиш; протез-ортопедия мосламалари — йўқ бўлган қўл-оёқларнинг ёки тана бошқа қисмларининг ўрнини босиш учун мўлжалланган, организмнинг бузилган ёки йўқолган функцияларини компенсация қилувчи мосламалар; сурдотаржима — бирор-бир тилдан дактил алифбоси ёрдамида ва (ёки) имо-ишора тилида таржима қилиш усули; сурдотехника воситалари — эшитишдаги нуқсонларни тузатиш ва компенсация қилиш учун техник воситалар, шу жумладан алоқани ва ахборот узатишни кучайтирувчи воситалар; тиббий-ижтимоий экспертиза — текширувдан ўтказилаётган шахснинг клиник-функционал, ижтимоий, касбий-меҳнат ва психологик маълумотларини комплекс баҳолаш асосида унинг соғлиғи йўқолганлиги даражасини ҳамда организмининг функциялари турғун бузилганлиги сабабли ҳаёт фаолияти чекланганлиги даражасини, ногиронлик гуруҳини, ногиронликнинг бошланиши сабаби ҳамда вақтини аниқлаш, шунингдек шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва зарур меҳнат шароитлари, ўзгаларнинг парваришига, санаторий-курортда даволанишнинг тегишли турларига ҳамда ижтимоий ҳимояга бўлган эҳтиёжи тўғрисида тавсиялар бериш; тифлотехника воситалари — ногиронлиги бўлган шахсларнинг кўришидаги нуқсони натижасида йўқолган имкониятларини тиклаш ва компенсация қилишга қаратилган воситалар; шахс ҳаёт фаолиятининг чекланганлиги — шахснинг ўзига ўзи хизмат қилиш, ҳаракатланиш, йўлни топа олиш, мулоқот қилиш, ўз хулқ-атворини назорат қилиш, шунингдек ўқиш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қобилиятини ёки имкониятини тўлиқ ёхуд қисман йўқотганлиги.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.