«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун

22-modda. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни ташкил этиш

(22-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун ишлаб чиқувчи томонидан ишчи гуруҳ (комиссия) ташкил этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига ишлаб чиқувчи бўлинмаларининг, тегишли тармоқлар ҳолати ва ривожланиши учун жавобгар бўлган вазирликларнинг ёки идораларнинг, бошқа манфаатдор давлат органларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин. Бунда нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар ўз розилиги билан ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига киритилади. Ишчи гуруҳ (комиссия) аъзолари норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган билим ва тажрибага эга бўлиши керак. Ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳнинг (комиссиянинг) фаолиятини таъминлаш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган материалларни, статистика маълумотларини ҳамда бошқа маълумотларни олишга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси юзасидан илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсияларини, шунингдек экспертлар хулосаларини олишга ҳақлидир. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган, зарур бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни давлат органларига, илмий ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда, ўз ваколатлари доирасида топширишга ёки уларга шартнома асосида буюртма беришга ҳақлидир. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган, зарур бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муқобил лойиҳаларини тайёрлашни бир нечта давлат органига, илмий ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда, ўз ваколатлари доирасида топширишга ёки уларга шартнома асосида буюртма беришга, шунингдек энг яхши норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун танловлар ўтказишга ҳақлидир. Вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашга доир ишларини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.