«Ma'muriy tartib-taomillar to'g'risida»gi qonun

32-modda. Рад қилиш

Маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслар ушбу Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда, маъмурий органнинг мансабдор шахси ва маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашаётган шахсларни рад қилиш тўғрисида ёзма шаклда ариза беришга ҳақли. Рад қилиш асослантирилган бўлиши ва бу ҳақда маъмурий ҳужжат қабул қилингунига қадар маъмурий иш юритишнинг исталган босқичида ариза берилиши мумкин. Маъмурий органнинг мансабдор шахсини рад қилиш тўғрисидаги ариза рад қилиш билдирилаётган мансабдор шахсга ёхуд маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, коллегиал органнинг раисига берилади. Рад қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилган маъмурий органнинг мансабдор шахси бир иш куни ичида маъмурий ишни кўриб чиқишни тўхтатиши ва рад қилиш тўғрисидаги аризани рад қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган шахсга кўриб чиқиш учун бериши керак. Рад қилиш тўғрисидаги ариза бўйича қарорни ўзига нисбатан рад қилиниши ҳақида арз қилинган мансабдор шахснинг бевосита раҳбари, агар рад қилиш маъмурий органнинг мансабдор шахсига нисбатан арз қилинган бўлса, юқори турувчи орган ёки бошқа ваколатли орган қабул қилади. Маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, рад қилиш тўғрисидаги ариза бўйича қарор ушбу орган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш юзасидан овоз беришда коллегиал органнинг ўзига нисбатан рад қилиш тўғрисида ариза берилган аъзоси иштирок этмайди. Агар рад қилиш коллегиал органнинг бутун таркибига нисбатан арз қилинган бўлса, рад қилиш тўғрисидаги қарор худди шу орган томонидан тўлиқ таркибда оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашаётган шахсларни рад қилиш тўғрисидаги ариза маъмурий иш юритишни амалга ошираётган ҳамда ушбу ариза бўйича тегишли қарор қабул қиладиган маъмурий органнинг мансабдор шахсига берилади. Рад қилиш тўғрисидаги қарор рад қилиш ҳақида ариза берилган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмасдан қабул қилиниши керак. Маъмурий ишни кўриб чиқаётган маъмурий органнинг мансабдор шахсини, коллегиал орган аъзосини ёки коллегиал органнинг бутун таркибини рад қилиш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, бир вақтнинг ўзида ушбу маъмурий ишни кўриб чиқишга ваколатли бўлган шахс (коллегиал орган) тайинланади. Ушбу Қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган асослардан бири мавжуд бўлса, маъмурий органнинг мансабдор шахси, шунингдек маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашаётган шахслар ўзини ўзи рад қилиш тўғрисида дарҳол арз қилиши шарт.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.