Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс

149-modda. Суд муҳокамасини кейинга қолдириш

(149-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги ЎРҚ-833-сонли Қонунига асосан еттинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.04.2023 й., 03/23/833/0236-сон)

Суд қуйидаги ҳолларда суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли: агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса; ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича; суд процесси иштирокчиларидан бирортаси, агар суд ишни унинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисобласа, келмаган тақдирда; тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича; суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда; тараф низони келишув йўли билан ҳал қилиш мақсадида судга кўмаклашишни сўраб мурожаат этган тақдирда, тарафнинг илтимосномасига кўра. Суд суднинг мажлисида ишни кўриш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда ҳам суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли. Суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, ушбу Кодексда суд муҳокамаси учун белгиланган муддат доирасида кейинга қолдирилиши мумкин. Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади. Агар суд мажлисида тарафлар ҳозир бўлса, суд келган гувоҳларни суд муҳокамаси кейинга қолдирилгунига қадар сўроқ қилишга ҳақли. Бу гувоҳларнинг кўрсатувлари янги суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Ушбу гувоҳларни янги суд мажлисига такроран чақириш фақат зарур ҳолларда амалга оширилади. Ишда иштирок этувчи, аммо суд мажлисига келмаган шахслар ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахслар иш материалларига қўшиб қўйиладиган тилхат орқали хабардор қилинади. Суд муҳокамаси кейинга қолдирилганидан сўнг давом эттирилади. Зарурат бўлганда, ишнинг муҳокамаси у қолдирилганидан кейин бошидан бошланади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.