Ma'muriy javobgarlik kodeksi

290-modda. Ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш ҳамда хатлаш

(290-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 25 мартдаги ЎРҚ-1124-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.03.2026 й., 03/26/1124/0277-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 28 июнь)

Ҳуқуқбузарларни ушлаш, шахсий кўрикдан ўтказиш ёки ашёларини кўздан кечириш вақтида аниқланган ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли ёки бевосита ҳуқуқбузарлик ашёси бўлган ашё ва ҳужжатлар ушбу Кодекснинг 287 ва 289-моддаларида назарда тутилган органларнинг мансабдор шахслари томонидан олиб қўйилади. Олиб қўйилган ашё ва ҳужжатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилгунга қадар шундай ашё ва ҳужжатларни олиб қўйиш ҳуқуқи берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан белгилаб бериладиган жойларда сақланади, иш кўриб бўлинганидан кейин эса, уни кўриб чиқиш натижаларига қараб, бу ашё ва ҳужжатлар белгиланган тартибда мусодара қилинади ёки эгасига қайтариб берилади ёхуд йўқ қилиб юборилади, ашёлар ҳақ тўлаб олиб қўйилган тақдирда эса — сотиб юборилади. Адлия органлари томонидан ашёларни кўздан кечириш вақтида (интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишда) аниқланган ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ёки бевосита ҳуқуқбузарлик ашёси бўлган ашё ва ҳужжатлар хатланади. Олиб қўйилган орден, медаль, фахрий унвоннинг кўкракка тақиладиган нишони қонуний эгасига қайтариб берилади, башарти, эгаси номаълум бўлса, унда тегишли органга жўнатилади. Божхона қоидалари ёки солиқ ва валюта тўғрисидаги қонунчилик бузилган тақдирда, башарти ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлмаса, жарима ундирилишини таъминлаш мақсадида унинг ашёлари (қимматли буюмлари) олиб қўйилиши мумкин. Ашё ва ҳужжатлар олиб қўйилган тақдирда бу хусусда баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд буюмларни кўздан кечириб чиқиш ёки маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳақидаги баённомаларга тегишли ёзув ёзиб қўйилади. Содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ушбу Кодексга мувофиқ транспорт воситасини, кичик ҳажмли кемани бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзида маъмурий жазо қўлланилиши мумкин бўлса, ҳуқуқбузардан унинг иши юзасидан қарор чиқарилгунга қадар транспорт воситаси, кичик ҳажмли кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома, овчилик билети олиб қўйилади ва бу ҳақда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага, шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасининг талонига, кема бошқарувчиси гувоҳномасининг талонига тегишлича ёзиб қўйилиб, талонлар транспорт воситаси ҳайдовчисига, кема бошқарувчисига қайтариб берилади. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиб қўйиш — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиб қўйиш — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ов қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиб қўйиш эса — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Ушбу Кодекснинг 185, 220, 220¹ ва 221-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, ички ишлар органлари ходимлари иш кўриб чиқилгунига қадар қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда олиб қўйилаётган қуролнинг маркаси ёки модели, калибри, туркуми ва рақами, ўқ-дориларнинг миқдори ва тури кўрсатилган ҳолда баённомага ёзиб қўйилади. Ўз хизмат бурчини бажариш вақтида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан унинг ашёларини олиб қўйиш, шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириб чиқиш жуда зарур бўлган ҳоллардагина қўлланилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.