Ma'muriy javobgarlik kodeksi

289-modda. Шахсни кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш

(289-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 25 мартдаги ЎРҚ-1124-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.03.2026 й., 03/26/1124/0277-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 28 июнь)

Шахсни кўрикдан ўтказиш ички ишлар органларининг, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг, ҳаво транспортининг, божхона органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ваколатли шахслари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган ҳолларда эса, шунга ваколати бўлган бошқа органлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Шахсни кўрикдан ўтказиш кўрикдан ўтказилаётган шахс билан бир жинсда бўлган шахслар томонидан ва шу жинсдаги иккита холис гувоҳ иштирок этган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Ашёларни кўздан кечириб чиқиш ички ишлар органларининг, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг, ҳаво транспортининг, божхона органларининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг, солиқ органларининг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмаларининг, адлия органларининг (интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишда), Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги органларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган ҳолларда эса, шунингдек тегишли ваколати бўлган органларнинг бошқа ваколатли шахслари томонидан амалга оширилади. Ашёларни, ов қилиш ва балиқ тутиш қуролларини, қўлга киритилган маҳсулотлар ва бошқа буюмларни кўздан кечириш, одатда, шу ашё ва буюмлар кимнинг мулки ёки эгалигида бўлса, ўша шахс иштирокида амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, мазкур ашёлар, буюмларни мулкдорсиз (эгасисиз) иккита холис гувоҳ иштирокида ҳам кўздан кечириб чиқилиши мумкин. Шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш тўғрисида баённома тузилади ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага ёхуд маъмурий йўл билан ушлаб туриш тўғрисидаги баённомага тегишинча ёзиб қўйилади. Божхона муассасаларида шахсий кўрикдан ўтказиш ва ашёларни кўздан кечириш божхонага доир қонунчилик билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.