Нодавлат нотижорат ташкилотлари (бундан диний ташкилотлар мустасно), шунингдек уларнинг ваколатхоналари ва филиалларининг давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолиятни амалга ошириши, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари ҳамда уларнинг чет эл фуқаролиги бўлган ва фуқаролиги бўлмаган ходимларининг, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролиги бўлган ва фуқаролиги бўлмаган ходимларининг бирор-бир сиёсий фаолиятда ҳамда мазкур нодавлат нотижорат ташкилотларининг уставларида белгиланган мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ бўлмаган бошқа фаолиятда иштирок этиши, худди шунингдек уларнинг сиёсий партиялар ва оммавий ҳаракатлар томонидан ўтказиладиган амалий ҳаракатлар ҳамда тадбирларни молиялаштириши, бундай ташкилотларни тузиш ташаббуси билан чиқиши ва бундай ташкилотларни тузишни қўллаб-қувватлаши, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган рамзий белгиларни ишлатиши, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари (бундан сиёсий партиялар мустасно), уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари томонидан тадбирлар ўтказиш ҳақида хабардор қилиш тартибига риоя этмаслик ёки қонунчиликда тақиқланган тадбирлар ўтказиш, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ўтказаётган тадбирларга рўйхатдан ўтказувчи орган вакилининг эркин киришини рад этиш, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан рўйхатдан ўтказувчи органнинг розилигисиз пул маблағлари ва мол-мулк олиши ёхуд ушбу манбалардан олинган пул маблағларидан ва мол-мулкдан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни, шунингдек ушбу манбалар ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган лойиҳанинг натижаси тўғрисидаги маълумотни белгиланган тартибда эълон қилмаслиги, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этмаслиги, ўз вақтида тақдим этмаслиги ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиши, ўз фаолияти тўғрисида била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этиши, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг ахборотни, шу жумладан улар томонидан мол-мулк ва пул маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаслиги, —
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
lex.uz’dagi asl matnMa'muriy javobgarlik kodeksi
239-modda. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши
(239-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.08.2025 й., 03/25/1083/0769-сон)
Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?
Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing
Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.
Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.