«Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонун

16-modda. Нобанк кредит ташкилотларининг раҳбар ходимларига доир талаблар

(16-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1058-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2025 й., 03/25/1058/0355-сон)

Нобанк кредит ташкилотининг кузатув кенгаши (мавжуд бўлганда) ва ижро этувчи органи аъзолари ёки яккабошчилик асосидаги ижро этувчи орган вазифасини амалга оширувчи шахси, бош бухгалтери ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахси, филиалларнинг раҳбарлари, шунингдек Марказий банк томонидан белгиланган бошқа шахслар (бундан буён матнда раҳбар ходим деб юритилади) ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ ишчанлик обрўсига доир талабларга, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган раҳбар ходимлар малака талабларига мувофиқ бўлиши керак. Ишчанлик обрўсига доир талаблар қуйидагиларни ўз ичига олади: иқтисодий соҳадаги жиноятлар, бошқарув тартибига қарши жиноятлар ҳамда терроризмни молиялаштириш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлик ҳолатларининг мавжуд эмаслиги; молия (кредит) ташкилотининг молиявий аҳволи ёмонлашишига ёки унинг банкрот бўлишига ёхуд амалга ошираётган фаолиятининг тугатилишига олиб келган ҳаракатлар содир этишга ва (ёки) ҳаракатсизликка раҳбар ходимнинг алоқадорлиги тўғрисидаги далилларнинг мавжуд эмаслиги. Малака талаблари: 1) қуйидагиларда ижро этувчи орган раҳбари ёки яккабошчилик асосидаги ижро этувчи орган вазифаларини амалга оширувчи шахс: а) микромолия ташкилотида, факторинг ташкилотида ёки ломбардда — олий иқтисодий маълумотга ёки банк-молия соҳасида икки йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлишини; б) ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотида ва кафолатлар бериш ташкилотида — олий иқтисодий маълумотга ва банк-молия соҳасида беш йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига, шундан ушбу соҳаларда раҳбарлик лавозимларида камида уч йил иш тажрибасига эга бўлишини; 2) қуйидагиларда бош бухгалтер ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс: а) микромолия ташкилотида, факторинг ташкилотида ёки ломбардда — олий маълумотга ёки бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ икки йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлишини; б) ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотида ва кафолатлар бериш ташкилотида — олий иқтисодий маълумотга ёки бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ уч йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлишини ўз ичига олади. Нобанк кредит ташкилоти Марказий банкка қуйидагилар тўғрисида ёзма хабарнома тақдим этиши шарт: нобанк кредит ташкилотининг раҳбар ходими лавозимга тайинланганлиги (сайланганлиги) ҳақида у тайинланган (сайланган) кундан эътиборан беш иш куни ичида раҳбар ходимнинг ушбу моддада белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотларни илова қилган ва илгари ушбу лавозимни эгаллаган шахснинг озод этилиши сабабларини кўрсатган ҳолда; нобанк кредит ташкилоти раҳбар ходимининг ушбу моддада белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги факти аниқланганлиги ва ушбу факт аниқланган кундан эътиборан ўн иш куни ичида унга нисбатан кўрилган чоралар ҳақида. Марказий банк томонидан нобанк кредит ташкилоти раҳбар ходимининг ушбу моддада кўрсатилган талабларга мувофиқ эмаслиги факти аниқланган тақдирда, нобанк кредит ташкилотига уни алмаштириш тўғрисида кўрсатма юборилади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.