Mehnat kodeksi

167-modda. Технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг сони (штати) ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ

Технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ ҳолда ташкилот, якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг сони (штати) ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди бўйича бекор қилинганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади. Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади: қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга; оиласида мустақил иш ҳақи олувчи бошқа ходимлар мавжуд бўлмаган шахсларга; мазкур иш берувчидаги узоқ муддатли иш стажига эга бўлган ходимларга; ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида меҳнат шартномасига кўра тегишли мутахассислик бўйича ўз малакасини ошираётган ходимларга ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган шахсларга ўқишни тамомлаганидан кейин мутахассислиги бўйича ишлаш шарти билан уч йил мобайнида; ушбу ташкилотда меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига учраган шахсларга; ногиронлиги бўлган шахсларга; 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга; меҳнатдаги ютуқлари учун рағбатлантиришларга эга бўлган ва интизомий жазоларга эга бўлмаган ходимларга; атом объектларидаги авариялар оқибатида келиб чиққан юқори радиациявий нурланиш билан боғлиқ бўлган нурланиш касаллигига ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга, ўзига нисбатан бошланган ногиронлигининг атом объектларидаги авариялар билан боғлиқлиги аниқланган ногиронлиги бўлган шахсларга, ушбу авариялар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш иштирокчиларига, шунингдек мазкур объектлардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга. Малака ва меҳнат унумдорлиги тенг бўлган тақдирда, ҳисобга олинадиган аксарият ҳолатлар сони бўйича афзалликка эга бўлган ходим ишда қолишга доир имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланади. Бу ҳолатларнинг ушбу модда иккинчи қисмида санаб ўтилган кетма-кетлиги аҳамиятга эга эмас. Жамоа шартномасида мавжуд бўлган тақдирда ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар ҳам назарда тутилиши мумкин. Ушбу ҳолатлар, агар ходимлар тенг малакага ва меҳнат унумдорлигига эга бўлса ҳамда ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ишда қолдиришда бир-бирининг олдида афзалликларга эга бўлмаса, ҳисобга олинади.
lex.uz’dagi asl matn

Sizning vaziyatingiz shu moddaga mos keladimi?

Bepul so‘rang — vaziyatingizni o‘z so‘zlaringiz bilan yozing

Bepul rejada oyiga 10 ta savol. Karta talab qilinmaydi.

Matn lex.uz’dan olingan. Bu sahifa ma’lumot uchun bo‘lib, rasmiy huquqiy xulosa emas — murakkab holatlarda advokatga murojaat qiling.